Навбатдаги “ННТлар мактаби” машғулотлари бўлиб ўтди

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати ташаббуси билан юртимизда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳуқуқий билим ва касбий маҳоратларини ошириш мақсадида ҳар йили “ННТлар мактаби” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

Умуммиллий ҳаракатнинг Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан йўлга қўйган ҳамкорлиги жорий йилги “ННТлар мактаби”да хорижлик мутахассис тренерлар ҳам қатнашиб, ўзларининг соҳага оид билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишига имконият яратиб берди. Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Edelweiss” спорт-соғломлаштириш мажмуасида ташкилланган бу йилги ўқув машғулотларида республикамизнинг турли вилоятларидан 20 та нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашиб, ўзлариниг соҳага оид билим ва малакаларини оширдилар.

Беш кунлик ўқув машғулотлари давомида тадбир иштирокчиларига “Корея ноҳукумат ташкилотларининг ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлик кенгаши” (КСОС) сиёсий маркази директори Джеын Шин хоним, Кореянинг «Global Civic Sharing» (GCS) ижрочи директори жаноб Хёнджу Чо томонидан ўз мамлакатлари тажрибаси мисолида ННТларни ташкил қилиш, уларнинг маҳаллий ҳокимият идоралари, шунингдек Ҳукумат билан ҳамкорликни йўлга қўйиши, ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлувчи қонунчилик, халқаро ташкилотлар билан ишлаш малакасини шакллантириш, донорларни жалб қилиш ва бошқа шу каби долзарб масалалардаги қизиқарли тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, машғулотлар давомида ҳар бир иштирокчи, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда, ўз ташкилоти фаолиятини бошқаларга таништириши учун презентациялар ўтказиши, муаммони қўйиш ва унга жамоавий ечим топиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш маҳоратларини шакллантирувчи амалий машғулотлар, хорижлик тренерлар билан машғулотлардан кейинги юзма-юз мулоқотлар, Адлия вазирлиги, ННТларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фонди вакиллари билан учрашувлар, иштирокчиларнинг олинган билимларни амалиётга қўллаш бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлари режаси (action plan)ни ишлаб чиқиши, қўйингки қизиқарли ва тиғиз жадвал асосида ташкилланган барча-барча тадбирлар ўз кўзлаган мақсадига эриша олди, дейиш мумкин.

Ғайрат Маматқулов
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати раҳбари, тадбир иштирокчиси