Нуқсонли чиққан компьютернинг пули қайтарилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрида яшовчи С.Б.нинг харид қилинган компьютерда нуқсон чиққанлиги ва ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда нуқсонли чиққан товар учун тўланган пулини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи оргтехника воситасини Марғилон шаҳридаги савдо дўконларининг биридан 3 млн 300 минг сўмга харид қилган. Лекин унда нуқсонлар мавжудлиги маълум бўлгач, савдо дўкони сотувчисига ўз эътирозларини билдирган ва бир вақтнинг ўзида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат йўллаган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш, яъни ушбу ҳолатда нуқсонли товар учун тўланган пулни қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу нуқтаи назардан олиб борилган ўрганиш ва қонун тарғиботи ишлари натижасида товар сотувчига ва унинг учун тўланган пулни эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси