Асосли важ билан учишни қолдиришга мажбур бўлган истеъмолчига пулини қайтариб олишида ёрдам кўрсатилди

Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Қ.нинг харид қилинган авиачиптани қайтариш масаласидаги мурожаати ўрганилди.

Мурожаатда баён қилинишича, фуқаро Россия Федерациясининг Москва шаҳрига учиш учун туман марказидаги авиачипталарни сотиш шоҳобчасидан 2 млн 300 минг сўмга авиачипта сотиб олади. Чипта жорий йилнинг 22 апрел куни харид қилинган бўлиб, учиш 23 май кунига белгиланган бўлган. Лекин орада унга бориб ишлаши керак бўлган иш ўрни қисқартирилаётгани тўғрисида хабар келган. Шундан сўнг у авиачиптани бекор қилиш бўйича ҳатти-ҳаракатларни амалга оширган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмагач ушбу масалада туман жамиятига мурожаат қилган.

Ўрганишда фуқаро ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг 23 май куни “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг HY9627 рейси билан Фарғона халқаро аэропортидан Москванинг Домодедово аэропортига учиш учун чипта харид қилганлиги кўрилди. Учишни қолдирилиши учун унинг томонидан билдирилаётган важнинг ҳам асосли эканлиги инобатга олиниб, авиачипталарни сотиш шоҳобчаси масъуллари билан харид қилинган чиптани қайтариш бўйича амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганиш якунлари билан истеъмолчига харид қилинган авиачипта пулини, компания томонидан шу каби ҳолатларда қўлланиладиган 10 фоизлик жарима суммасини чегириб қолиниши йўли билан, қайтарилишига эришилди.

Дилором Мирзаева
Бағдод туман жамияти мутахассиси