«Гулшан»да энди электр энергияси бор
Ҳар гал қўшниларнинг кўзи-кўзига тушса ҳижолат тортарди…
Фарғона шаҳар Ёрмозор маҳалласининг Гулшан кўчасида яшовчи, ўзи 3-гуруҳ ногирони бўлган Маҳбубахон Отажонованинг куюнганича бор экан. Аёлнинг уч нафар фарзанди, касби қурувчи бўлган оила бошлиғи айни замонда ҳам уйида электр тармоғи туфайли азият чекаётганига ҳайрон қолган эдик. Маҳбуба опанинг сўзларини тинглаб унинг тегишли идораларнинг эшиги олдида сарсон-саргардон бўлгани бизнинг турли хулосаларимизга сабаб бўлган эди.
– Ўзим дорихонада фаолият олиб бораман. 2016 йилда оиламиз билан янги чекларга кўчиб чиқдик. Маҳалламиздаги ҳамма хонадонда чироқ бор. Икки ёнимиздаги ва рўпарамиздаги кўчаларда ҳам бу борада муаммо йўқ. Лекин бизнинг кўчадагилар узоқ вақтдан бери шу масалада югур-югур қилиб ҳолдан тойгандик, – дейди Маҳбубахон Отажонова. – Тўғри, баъзи мурожаатларимиз ҳам наф берди. Кўчага 3 дона симёғоч ўрнатишган бўлишди. Бироқ анча вақтгача амалий ишга ўтилмай келди. Қўшниларим нариги кўчалардан қўшимча сим тортиб келиб амаллашди. Ўзим гуруҳ ногирониман. Шароитимиз оғирлигини инобатга олиб, қўшниларимиздан минг истиҳола билан ёрдам сўраган эдик, ташлаб қўйишмади. Уларнинг уйидаги электр тармоғига уланган линиямизни бугун ё эрта барибир уздиришимиз керак эди. Биринчидан, бундай тармоқ тортиб электрдан фойдаланаётганимизнинг ўзи нотўғри, жавобгар бўлишни мен ҳам истамайман ахир. Аммо шаҳар электр тармоқлари корхонасидан тайинли жавоб, амалий ёрдам бўлмаганидан шундай қилишимизга тўғри келди. Симёғочлар ўрнатилганидан бир ярим йил ўтиб жорий йилнинг 2 апрель куни яна ариза билан корхонага мурожаат қилдим. Бу мурожаатимга шунчаки оғзаки тарзда, маблағ йўқ, деб жавоб беришди. Охир-оқибат Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга қарор қилдим.
Биз жамиятнинг ҳуқуқий ҳимоя бўлимига келиб тушган аризани ва унга жавобан тайёрланган хатларни ўрганишга ҳаракат қилдик. М.Отажонованинг хонадони белгиланмаган тартибда электр энергияси билан таъминланмаганлиги, у яшаётган кўчада тармоққа улаш ишлари электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан охиригача етказилмасдан ташлаб кетилгани ва бу борада тегишли чора кўриш ҳамда тез муддатларда маълумот бериш бўйича жамиятнинг жорий йил 17 апрель санасида 39-сонли хати тайёрланиб, Фарғона шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарига юборилган.
Маҳбубахон ОТАЖОНОВА:
– Истеъмолчилар жамиятига қилган мурожаатимдан кейин ёғоч столба ўрнатган бўлишди. Лекин яна бирмунча вақт иш шу ҳолича қолиб кетди. Қўшнимга ҳам малол кела бошлади. Шамолда узилиб кетиши, хавфлилигини ўйласам яна бир ташвишим ортарди. Ниҳоят шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходимларининг саъй-ҳаракати билан муаммомиз ўз ечимини топди. Ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришгани туфайли энди электр масаласида ўйланишимизга ҳожат қолмади. Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакилларига ҳам, электр тармоқлари корхонаси ходимларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мурожаатимиз беэътибор қолмади. Қўшнилар олдидаги ҳижолатчиликдан ҳам ҳалос бўлдик. Коммунал тўловларни вақтида амалга оширяпмиз. Энди бизнинг “Гулшан” кўчамизда ҳам электр энергияси бор. Асосийси, хавфсизлик таъминланди, қонун доирасида ҳал этилди.
Анча вақтгача чала ташлаб қўйилган ишлар охирига етказилармикан, деган таажжубимиз бўлганини яширмаймиз. Ҳар ҳолда бу ишга масъуллар ҳолатни ижобий тарафга ўзгартиришларидан катта умидимиз бор эди. Ҳаммаси яхши бўлди. Президентимиз таъкидлаган ҳаётий тамойилнинг натижаси бу. Яъни халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади…
Мадаминжон СОЛИЖОНОВ
(юқорида иллюстратив расм)
Post Comment