Федерациянинг халқаро алоқалари фуқароларнинг трансчегаравий мурожаатларини ҳал қилишда қўл келмоқда

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси аъзоси, Фарғона шаҳрида меҳнат фаолияти олиб борувчи Н.Қ. Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, Фурқат туманида яшовчи опаси С.Н. нинг турмуш ўртоғи Россия Федерациясида вафот этгани, у ердан вояга етмаган фарзандлари учун компенсация тўловларини олиб турганлиги, лекин 2020 йилга келиб (пандемия пайтида) ушбу тўловларни тўлаш тўхтаб қолганлигини баён қилиб, бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди. Фарғона шаҳар жамияти ўша пайтдаёқ мазкур масала бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, штаб квартираси Москва шаҳрида жойлашган, Федерация ҳамкори – Истеъмолчилар жамиятлари халқаро конфедерациясига (КонфОП) мурожаат йўллаганди.

Ушбу мурожаат асосида КонфОП адвокати Диана Михайловна Сорк томонидан 3 йил давомида Россиядаги масалага дахлдор идоралар билан тинимсиз музокаралар, масалани суд идораларига олиб чиқиш бўйича ишлар олиб борилди. Ва ниҳоят, 2024 йилнинг 13 март кунида Фарғона шаҳар жамияти КонфОПдан расмий хат олди.

Унда баён қилинишича, ўтган муддат давомида ташкилот масъуллари “Россия темир йўллари” ОАЖ (“РЖД” ОАО), банклар, ижро ҳокимияти идоралари билан 20 дан ортиқ очиқ музокаралар олиб борган, шунингдек судларга даъво аризалари тайёрланиб киритилган, тегишли идораларга 10 дан ортиқ алоқа хатлари ва мурожаатлар йўлланган. Бу ишларнинг натижасида 2024 йилнинг феврал ойи охирларига келиб, фуқаролар С.Н. ва С.А.ларнинг манфаатларини кўзлаб жами 318 000 Россия рубли (43 млн сўмдан ортиқ) миқдорида пул маблағлари ундирилган ва уларнинг ҳисоб рақамларига йўналтирилганлиги маълум қилинган.

Фурсатдан фойдаланиб, Истеъмолчилар жамиятлари халқаро конфедерацияси бошқаруви раиси Д.Янин ва конфедерация масъул ходимларига бизнинг мурожаатимиз асосида олиб борилган машаққатли меҳнат ва беғараз ёрдамлари учун чексиз миннатдорчилик изхор қиламиз.

Нодиржон Тошканов,
Фарғона шаҳар жамияти раиси.