Кун тартибида соғлом атроф-муҳит ва болалар саломатлиги масалалари
Фарғонада амалдаги қонунчилик тарғиботи тадбирлари давом эттирилмоқда. Жумладан, Фарғона туманида Экологик партия фаоллари билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларида юзага келаётган муаммолар муҳокама қилинган бўлса, Қўштепада болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига боғлиқ бўлган тадбир ўтказилди.
Фарғона тумани
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти идорасида Ўзбекистон экологик партияси туман кенгаши фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда туман аҳолисига Вазирлар Маҳкамасининг 06.02.2019 йилдаги 95-сонли қарори билан тасдиқланган “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари” асосида хизматлар кўрсатилиши аҳволи, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Туман жамияти раиси Ш.Ибрагимов ҳудуд аҳолисидан мазкур йўналишда келиб тушаётган мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқилиши натижалари ҳақида ахборот бериб ўтди. Учрашув доирасида ҳудуд аҳолисига қаттиқ ва ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар устидан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини олиб бориш, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан таклифларни Халқ депутатлари туман кенгаши муҳокамасига киритиб бориш юзасидан таклифлар билдирилди.
Қўштепа тумани
Тумандаги 36-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ўртасида “Болалар саломатлиги учун сифатли маҳсулотларни танлаймиз” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда амалдаги қонунчиликка кўра, болалар (ёш истеъмолчилар) истеъмоли учун берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги санитария-гигиена, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга мос бўлиши, уларнинг ҳаёти, соғлиғига зарар етказмаслиги борасидаги талаблар таъминлаб берилиши каби масалаларида сўз борди. Тадбир доирасида Федерация тизим ташкилотларига бу борада аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалалар юзасидан ҳам ахборотлар бериб ўтилди.



Post Comment