Агар маиший хизмат кўрсатиш жараёнида истеъмолчига зарар етказилса у қандай қопланади?
Кундалик ҳаётда биз кўп турдаги маиший хизматлардан фойдаланамиз: телефон таъмири, кийим тикиш, маиший техника созлаш, пойабзал таъмири ва ҳоказо. Лекин хизмат кўрсатиш жараёнида буюмимизга шикаст етса ёки у бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолса, нима қилиш керак? Қоидаларнинг “Мулкий жавобгарлик” бўлими айнан шу саволга жавоб беради.
Энг асосий қоида шундаки: агар хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки уста истеъмолчининг мол-мулкига айб билан зарар етказса, у бу зарарни қоплаши шарт. Масалан, телефон таъмирга берилди, аммо қайтарилганда экран синган бўлса — бу учун хизмат кўрсатувчи жавобгар ҳисобланади.
Зарар қоплашнинг бир нечта йўли бор:
буюмни бепул таъмирлаб бериш;
худди шундай янги буюм билан алмаштириш;
ёки буюм қийматини пул шаклида тўлаб бериш.
Агар буюм умуман тиклаб бўлмайдиган даражада бузилган бўлса, истеъмолчи унинг бозор қийматида тўлиқ компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Муҳим жиҳати: хизмат кўрсатувчи “бу ўз-ўзидан бўлди” деб жавобгарликдан қочиб қутула олмайди. Айб мавжуд бўлса, жавобгарлик ҳам бор. Шу билан бирга, агар истеъмолчининг ўзи нотўғри маълумот берган ёки буюмда аввалдан нуқсон бўлгани исботланса, жавобгарлик масаласи бошқача ҳал қилиниши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қоидалар истеъмолчининг мол-мулкини ҳимоя қилишга қаратилган. Ўз ҳуқуқингизни билиш — зарар кўрганда чўчимай талаб қила олишингиз учун энг кучли қуролдир.
Шерзод Мухамов,
Бағдод туман жамияти раиси.



Post Comment