Ижтимоий соҳа ташкилотларида тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда
Федерациянинг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотлари томонидан ҳудудларидаги ижтимоий соҳа ташкилотларида ишчи хизматчилар билан учрашиб, улар билан истеъмолчилик соҳасининг турли масалалари юзасидан юзма-юз мулоқотлар тарзидаги тадбирлар ўтказиб борилмоқда. Бешариқ ва Данғара туманларида шундай тадбирлар бўлиб ўтди.
Бешариқ тумани
Тумандаги 19-умумтаълим мактабида узоқ йиллардан буён Федерация таянч гуруҳи (бошланғич ташкилоти) фаолият кўрсатиб келади ва у туман жамиятининг фаол таянч гуруҳларидан бири саналади. Шу сабабдан ҳам бу ерда туман жамияти масъуллари томонидан истеъмолчилик соҳасига дахлдор бўлган масалалар юзасидан мунтазам равишда турли тадбирлар ўтказиб борилади.
Мазкур мактабда таянч гуруҳи фаоллари иштирокида ташкилланган “Ҳуқуқий билим билан ҳуқуқий маданият сари” мавзусидаги давра суҳбати ҳам шундай тадбирлардан бири саналиб, унда туман жамияти масъуллари томонидан мамлакатимизнинг истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини иҳмоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришлар, соҳани янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президент ва Ҳукумат қарорлари ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди. Тадбирда сўз олган Федерация фаоллари тизимда амалга оширилаётган ишларга ижобий баҳо берган ҳолда, бу борадаги ишларни янада ривожлантириш масалаларида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб ўтдилар.
Данғара тумани
Ҳудуддаги 9-давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлган туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари таълим муассасаси ходимларига амалдаги қонунчилик асослари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилаётган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун ҳамда истеъмол соҳасига оид қонунчилик ижроси ишида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаб беришга хизмат қилувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунтиришлар бериб ўтдилар.
Тадбир доирасида мактабгача ташкилоти ходимларининг истеъмол соҳасига оид фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.



Post Comment