Ҳуқуқий саводхонлик — сифатли тиббий хизматнинг муҳим омили

Ҳуқуқий саводхонлик — сифатли тиббий хизматнинг муҳим омили

Қўштепа туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан Тиббиёт бирлашмаси Кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли Фтизиопулмонология бўлимида тиббиёт ходимларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирдан асосий мақсад тиббиёт ходимларининг истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид билимларини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида қонунчилик талабларига риоя этишнинг аҳамиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Мулоқот давомида иштирокчиларга истеъмолчиларнинг сифатли ва хавфсиз хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи, хизмат кўрсатиш жараёнида истеъмолчига зарур ва тушунарли ахборот бериш, мурожаат ва таклифларга эътиборли муносабатда бўлиш каби масалалар юзасидан тушунчалар берилди.

Айниқса, тиббий хизмат соҳасида истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги ишонч, очиқ мулоқот ва масъулият муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Чунки тиббий хизматда инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ масалалар устувор бўлгани учун хизмат сифати билан бир қаторда беморнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳам муҳим талаб ҳисобланади.

Тадбир жараёнида тиббиёт ходимларининг қизиқишлари инобатга олиниб, уларни ўйлантираётган саволлар юзасидан фикр алмашилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий билимларни мунтазам ошириб бориш, бу борадаги қонунчилик янгиликларидан хабардор бўлиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳуқуқий саводхон тиббиёт ходими — ўз вазифасини масъулият билан бажарадиган, бемор ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ва сифатли хизмат кўрсатишга интиладиган мутахассисдир.

Шу каби тарғибот тадбирларининг мунтазам ўтказилиши тиббиёт муассасаларида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этиш маданиятини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Post Comment