IMEI коди билан боғлиқ тушунмовчиликлар ҳали ҳам учраб қолмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябридаги 778-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган, мазкур Низомнинг 6 прим 1-бандига кўра, мамлакат ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлишликлари белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан, бу борада истеъмолчиларни алдашга уриниш, ўз зиммасидаги мажбуриятни истеъмолчининг зиммасига ўтказиб юборишни кўзлаш ҳолатлари учраб қолмоқда.
Бувайда тумани Дашт қишлоғида яшовчи З.Содиқов туман марказида жойлашган савдо марказидан 3 200 000 (уч миллион икки юз минг) сўмга сотиб олган Samsung А31 маркали замонавий уяли алоқа воситасидан фойдаланиш жараёнида ҳам муаммо келиб чиқди. Муаммонинг сабаби эса четдан келтирилган мазкур телефон аппаратининг IMEI коди тегишли тартибда рўйхатга қўйилмаганлигида экан.
Юқоридаги номи тилга олинган Низом талабларига кўра, чакана сотишни кўзлаб мамлакат ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмани уни олиб кирган тадбиркорлик субъекти (импортер) томонидан рўйхатга қўйилади. Бу ерда уни мамлакат ичкарисидаги савдо нуқталаридан сотиб олаётган истеъмолчи (фуқаро)га боғлиқ ҳеч қандай мажбурият йўқ.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, истеъмолчига товар ҳақида ўз ватида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот берилиши шарт. Хўш, юқоридаги ҳолатда истеъмолчи З.Содиқовга товар ҳақида зарур ва тўғри маълумотлар, яъни унинг истеъмол хусусиятлари билан биргаликда, IMEI коди рўйхатга олинмаганлиги ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилдими? Бизнингча йўқ.
Демак, истеъмолчига нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган. Натижада истеъмолчида товардан кўзланган мақсадда фойдаланиш йўлида тўсқинлик қилувчи ҳолат (телефонни блокланиб қолиши ва ундан фойдаланиб бўлмаслигига олиб келувчи ҳолат) юзага келган. Бундай ҳолатда истеъмолчида мазкур муаммони бартараф этиб берилишини талаб қилиш, агар талаби бажарилмаса шартномани бекор қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.
Истеъмолчининг мурожаати Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қайд қилингач, Бувайда тумани жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши жараёнида қонунчиликнинг юқоридаги талаблари бўйича сотувчига тушунтиришлар берилди. Натижада сотувчи муаммони бартараф қилиш чора-тадбирларини амалга ошириб, телефоннинг IMEI кодини ўз ҳисобидан рўйхатга қўйиб берди.
Шу ўринда истеъмолчиларга битта мурожатимиз бор. Сиз хориждан келтирилган мобил қурилмаларни (телефон, ноутбук, планшет ва бошқаларни) сотиб олар экансиз, сотувчидан нархи, истеъмол хусусиятларини суриштириш баробарида, унинг IMEI коди рўйхатга қўйилганми, деган саволни беришга ҳам ийманманг. Сотувчи эса мобил қурилмани ёқиб, битта-иккита комбинацияларни амалга ошириш ёрдамида унинг тегишли тартибда рўйхатга олинганлигини тасдиқлаб кўрсатсин. Шунда кейинчалик мобил қурилмадан эмин-эркин, ҳеч қандай хавотирларсиз фойдаланасиз.
Шукуржон Қамбаров
Бувайда туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment