Сотувчи харидорга пулини қайтарди

Сотувчи харидорга пулини қайтарди

Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Баҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Ўрмонованинг туман Буюм бозоридан сотиб олган товарини сифатсиз чиққанлиги юзасидан мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи Ёзёвон туман Буюм бозори ҳудудида савдо-сотиқ фаолиятини олиб бораётган Х.Қурбоновадан қиш мавсумига мўлжалланган костюм сотиб олади. Томонлар ўртасида товар нархи 270000 (Икки юз етмиш минг) сўмга келишилади. Лекин товарда нуқсонлар мавжудлигини аниқлаган харидор сотувчига қайтаришга уринган. Бироқ ўз кучи билан бунинг уддасидан чиқа олмаган.

Мурожаатни ўрганиш мобайнида харидорнинг талаблари тўғри эканлиги маълум бўлгач, сотувчига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари, хусусан қонуннинг 14 ва 15-моддаларига кўра, агар товар мазкур моддаларда кўрсатиб ўтилган тартибда ва муддатларда алмаштирилмаса ёки товардаги нуқсонлар бепул бартараф этилмаса ёхуд пули қайтарилмаса сотувчи истеъмолчига неустойка (пеня) тўлашига сабаб бўлиб қолиши мумкинлиги ҳам тушунтирилди. Қонун талабларини тўғри англаб етган сотувчи мазкур ҳолатда истеъмолчига нуқсонли товар учун тўланган пулни қайтариб бериш билан масалани ҳал қилди.

Шавкатжон Саидов
Ёзёвон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment