Ўлчами мос келмаган оёқ кийимнинг пули қайтарилди
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Ҳамрак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Г.М.нинг яқин қариндоши учун ҳарид қилган пойабзал учун тўланган пулни қайтариб олишда юзага келаётган муаммо юзасидан қилган оғзаки мурожаати ўрганилди.
Фуқаро мурожаатида Марғилон шаҳар Ипакчи буюм бозоридан қайнсинглиси учун 170 000 сўмга харид қилинган пойабзал тўғри келмаганлиги, уни эртаси куни сотувчига қайтариб олиб келганлиги, бироқ сотувчида худди шу русумдаги пойабзалнинг уларга мос ўлчамдагиси йўқлиги боисидан, оёқ кийимни сотувчига қайтариш ва тўланган пулни қайтариб олиш бўйича келишувга эриша олмаётганлигини маълум қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, туман жамияти мутахассислари томонидан сотувчига қонунчилик талаблари ва қонунда белгиланган тартиб-таомиллар тушунтирилди. қонун талабларини тўғри англаб етган сотувчи эса, ўз навбатида, истеъмолчига ўлчами мос келмаган пойабзал учун тўланган 170 000 сўм пул маблағини қайтариб берди.
Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment