Сервис маркази билан боғлана олмай сарсон бўлган истеъмолчининг муаммоси бартараф этилди
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Кичик Кенагас” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Р. З.нинг 5 000 000 сўмга харид қилинган кир ювиш машинасида нуқсонлар кузатилаётганлиги, ушбу русумдаги маиший техникаларга сервис хизматлари кўрсатувчи марказ билан боғлана олмаётганлиги хусусида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси телеграм ботига қилган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи Rulls русумидаги кир ювиш машинасини Қўқон шаҳрида савдо фаолиятини олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Н.Ю.га қарашли савдо дўконидан харид қилган. Муаммолар юзага чиқа бошлагач сервис маркази билан боғлана олмаган (ўзининг айтишича телефон орқали боғланишни иложи бўлмаган). Шундан сўнг Федерация телеграм боти орқали мурожаат йўллаган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчига реализация қилинаётган товарнинг ишлаб чиқарувчиси (сотувчиси)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари ҳақидаги маълумотлар берилиши шарт.
Шунингдек, истеъмолчи ўзига нуқсонли товар сотилганда сотувчига нуқсонларни бепул бартараф этиш бўйича қонуний талабларини қўйишга ҳақли.
Шунинг билан биргаликда, товардаги нуқсонларни бепул бартараф этиш учун элтишда ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига қонунчиликнинг юқоридаги талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди ва сўров хати киритилди. Сўров хатини олган сотувчи эса ўз навбатида истеъмолчи хонадонига сервис усталари ташрифини уюштириб, маиший техникани техник кўрикдан ўтказилишини ҳамда истеъмолчи эътирозига сабаб бўлган нуқсонларни бартараф этиш ишларини ташкиллади. Ўрганиш ишлари эса кир ювиш машинасидаги нуқсонлар бепул бартараф этилиши, ушбу жараёнда истеъмолчига маиший техникадан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча маслаҳат ва тавсиялар ҳам берилиши билан якун топди.
Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.
Post Comment