Бекатлар белгиланган талабларга жавоб бера оляптими?

Бекатлар белгиланган талабларга жавоб бера оляптими?

Рақобат бошқармаси сўрови асосида Федерациянинг вилоятдаги туман (шаҳар) жамиятлари томонидан автобус бекатларида йўловчилар учун яратилган шароитлар ҳамда бекатларнинг белгиланган талабларга мослиги юзасидан кузатув (ўрганиш)лар ўтказилди. Ўрганишлар давомида, танлама асосда, ҳудуддаги 190 та бекатлар кўрилди.

Ўрганилган бекатларнинг 12 таси “Ақлли бекат” умумий номи билан номланган бўлса, яна 55 тасининг пештоқидан жойлашган ҳудуди (маҳалла), машҳур шахс, ёнида жойлашган корхона, тадбиркорлик субъекти номи ёки у реализация қилаётган маҳсулот (пепси, нон кабоб каби) номи ўрин олган. Қолган бекатларда эса номи кўрсатилмаган.

Ўрганишлар давомида бекатларнинг O’z DSt 3196-2017-сон “Автомобил йўлларидаги автобус бекатларига қўйиладиган умумий талаблар” давлат стандартига мослиги кўрилганда, уларнинг 81 таси совуқ ва иссиқ ҳаводан йўловчиларни ҳимоя қилиш мақсадида кутиш залларининг камида 3 та томони махсус тўсиқлар билан ёпилган бўлиши бўйича талабларга, 29 таси қатновларнинг тиғиз пайтида мазкур бекатлар майдони 4-та йўловчи учун камида 1 м2 ни ташкил этиши бўйича талабларга, 136 таси ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар билан жиҳозланиши бўйича талабларга, 76 таси кутиш залининг ҳар 10 м2 учун камида 1 та ўриндиқ (скамейка) ўрнатилиши бўйича талабларга, 138 таси бекат ташқариси ҳамда кутиш залига алоҳида чиқинди қутилари ўрнатилиши бўйича талабларга, 121 таси эса кутиш заллари электр ёриткичлар билан таъминланган бўлиши кераклиги талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги кузатилди.

Шунингдек, бекатларнинг 32 таси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш Қоидалари”нинг 38-бандига асосан павильонни жойлаштириш учун асфальтланган майдончалар ва йўловчиларнинг бекатга келиши учун асфальтланган йўлкалар мавжуд бўлиши бўйича талабларга, 35 таси эса йўловчиларнинг ёмғир, қор, шамолдан бекинишини таъминлаб берадиган павильон мавжудлиги бўйича талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги, аксарият бекатларда йўналишлар кўрсаткичлари қўйилмаганлиги кузатилди ва ўтказилган ўрганишлар натижалари юзасидан умумлаштирилган маълумот Рақобат бошқармасига киритилди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin