Жамият аралашуви билан муаммони тезкорликда баратараф этиш чоралари кўрилди
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Учкўприк туман “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Р.З.нинг кафолат муддати билан харид қилинган кир ювиш машинасида юзага келган нуқсонни бартараф этиб берилиши масаласида юзага келаётган муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефонига ҳамда худди шу мазмунда Федерация телеграм ботига қилган мурожаати ўрганилди. Истеъмолчи мурожаатида жорий йилнинг 20 апрелида харид қилинган кир ювиш машинасида нуқсон аниқлангач сотувчига бу борада мурожаат қилганлигини, лекин мурожаати ижобий ҳал этилмаётганлигини маълум қилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида Rulls русумидаги, 8,5 кг ҳажмли кир ювиш машинаси шаҳардаги “Қўқон савдо комплекси” МЧЖ ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган тадбиркор С.С.дан 3 800 000 сўмга харид қилинганлиги маълум бўлди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси тўртинчи қисмида нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи қонун билан белгилаб берилган талабларини сотувчига нисбатан қўйиши кўрсатиб ўтилган. Сотувчи эса, ўз навбатида, истеъмолчи томонидан қўйилган талаб асосида, лозим ўринларда қўшимча равишда текширишларни ўтказган ҳолда ҳамда қонунда белгиланган муддатлар доирасида тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим бўлади. Акс ҳолда, ундан қонунда белгиланган тартибда неустойка (пеня) ундириб олиниши мумкин.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчига қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилгач, унинг томонидан маиший техникадаги истеъмолчи эътирозига сабаб бўлган нуқсонни бартараф этиш ҳамда истеъмолчи қўлига соз ҳолатда топшириш чора-тадбирлари кўрилди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment