Мурожаатларни ўрганиш бироз вақт ва расмиятчиликларни тақозо қилади
Маълумки, амалдаги қонунчиликда жисмоний шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиб олиш, уларни ўрганиш ҳамда ўрганиш натижаларини мурожаат эгасига маълум қилиш борасида қатъий тартиб ва муддатлар белгиланган. Мурожаат расмийлаштирилиши, масъул ходим ажратилиши, унинг томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиши каби ишлар эса, албатта, муайян вақт талаб қилади. Мурожаат эгасидан эса йўллаган мурожаати бўйича қонунда белгиланган муддатлар доирасида ўтказиладиган ўрганиш натижаларининг жавоби расмий маълум қилинишига қадар бироз сабр қилиб турилиши тақозо қилинади. Шунингдек, мурожаат эгасида ўрганиш ишлари доирасида ўз мурожаатини ўрганишдан тўхтатишни, ўрганишсиз қолдирилишини сўраш, қайтариб олиш каби ҳуқуқлар мавжуд.
Масалан, Фурқат туманида яшовчи Д.З. 19 июн куни Қўқон шаҳридаги бозордан 94 000 сўмга харид қилган кўйлакни уйга бориб кийиб кўриш жараёнида ўлчами бироз мос келмагани сабабли эртаси куни сотувчига қайтариб олиб келади. Лекин кўйлакни сотувчидан алмаштириб ололмаганидан сўнг шу куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига мурожаат қилади. Бироқ мурожаат Федерация марказий аппаратида тегишли тартибда расмийлаштирилиб, Қўқон шаҳар жамияти томонидан ўрганишга қабул қилинганидан сўнг истеъмолчи билан боғланилганида у кўйлак бир қариндошига мос келиб қолганлиги сабабли унга сотиб юборганлиги, пулини олганлиги сабабли мурожаатини ўрганиш шарт эмаслигини маълум қилган.
Қўқон шаҳрида яшовчи С.М.нинг 420 000 сўмга харид қилинган бассейнни алмаштириш масаласида сотувчига қилинган мурожаатига рад жавоби олингани тўғрисида Федерация ишонч телефонига қилинган мурожаатини ўрганилиши жараёнида ҳам худди шунга ўхшаш ҳолатга дуч келинган. Мурожаат Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида унда кўрсатилган телефон рақамига қилинган қўнғироқларга жавоб бўлавермагач, истеъмолчининг яшаш манзилига борган жамият мутахассисларига бассейндан фойдаланилаётгани, истеъмолчида бу бўйича эътирозлари йўқлиги маълум қилинган.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)
Post Comment