Истеъмолчи харид қилинаётган маҳсулотнинг сифати, бутлиги, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрилик С.А.нинг “Ипакчи буюм бозори”дан 5 000 000 сўмга сотиб олиниб хонадонга келтирилган янги музлатгичда нуқсонлар аниқлангани ва уни сотувчидан мақбул сифатдагисига алмаштириб ололмаётганлиги хусусида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра истеъмолчида харид қилинаётган маҳсулотнинг сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириб олиш ҳуқуқи мавжуд. Товарнинг бутлиги текширилганда товар таркибий қисмлари, эҳтиёт қисмлари мавжудлиги, уларнинг бус-бутунлиги кўздан кечирилади. Истеъмолчи томонидан товарнинг бутлигини текшириш музлатгич хонадонига келтирилиб, қутисидан чиқарилганидан сўнг амалга оширилган ва ушбу жараёнда нуқсонлар (шиша қисмларида синиқлар, ички қисмида товарга хос бўлмаган тешик) аниқланган. Сотувчига бу борада билдирилган эътироз билан эса бирор натижа чиқара олмаган.
Масалага Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари аралашганидан сўнг сотувчи томонидан нуқсонли музлатгич олиб кетилиб, ўрнига бошқа русумдаги яна бир музлатгич келтириб берилди. Лекин кейинги маҳсулот ҳам истеъмолчининг талабига мос келмагач, томонлар ўртадаги шартномани бекор қилишга келишиб олдилар. Ўрганиш якунлари билан олди-сотди шартномаси бекор қилиниб, 5 000 000 сўм пул истеъмолчига қайтарилди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)
Post Comment