Кафолат муддати мобайнида товарнинг нормал ишлаши таъминлаб берилиши шарт
Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Терактаги кўчасида истиқомат қилувчи М.И. нинг 900 000 сўмга кафолат муддати билан харид қилинган автомобил эҳтиёт қисмининг нуқсонли чиққанлиги ва уни алмаштиришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида шаҳарнинг А.Навоий кўчасида жойлашган автомобил эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўкондан ўзининг Кобалт русумли шахсий автомобили учун аккумулятор эҳтиёт қисмини бир йиллик кафолат муддати билан сотиб олганлигини, лекин сотиб олинганидан 7 ой ўтиб аккумулятор яроқсиз ҳолга келганлиги, сотувчига бу борада мурожаат қилганида аккумулятор бошқасига алмаштириб берилгани, лекин орадан бир ой ўтмасдан ушбу эҳтиёт қисмида ҳам носозлик юзага келгани, сотувчига бу сафарги мурожаати эса амалий натижа бермаётганлигини баён қилади.
Амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.
Қонунчиликнинг ушбу нормалари талабларидан келиб чиққан ҳолда, сотувчига истеъмолчига сотилган товарда кафолат муддати ичида нуқсон аниқланган ва истеъмолчи тегишли талаблари билан унга мурожаат қилган тақдирда, унинг томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тушунтиришлар ва қонун нормалари тарғиботи олиб борилди. Натижада истеъмолчи томонидан нуқсонли эканлиги даъво қилинган аккумулятор бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиб, истеъмолчи ҳуқуқи тикланишига эришилди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)
Post Comment