Келишув жараёнида истеъмолчи танлаган материалдан фойдаланмаслик буюртмани уста томонидан бошқатдан бажарилишига сабаб бўлди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи О.О.нинг ижрочи (уста) томонидан темир материалдан сўри ясаб бериш учун берилган буюртмани лозим даражада бажарилмагани ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи О.О. темирчилик устахонаси устаси М.Ж.га темирдан сўри ясаб бериши учун буюртма бериб, 1 700 000 сўм пулни ҳам одиндан тўлаган. Лекин буюртма тайёр бўлгач келиб кўрганида темир материалининг ўзи танлаган қалинликдаги эмас, балки юпқароғидан ишлатилганини кўрган. Муаммони уста билан ҳал қила олмаганидан сўнг Федерациянинг Ёзёвон туман жамиятига амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ижрочи (уста)га сўрини буюртмани қабул қилиб олиш жараёнида истеъмолчи томонидан танланган ҳамда келишилган материалдан тайёрлаб бериш қонунчиликда белгиланган ва бажарилиши лозим бўлган талаб эканлиги, акс ҳолда бу ҳуқуқий санкцияларга ҳам олиб келиши мумкинлиги тушунтирилди. Тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган ижрочи сўрини истеъмолчи танлаган сифатдаги материалдан тайёрлаб бериб, юзага келган муаммони бартараф қилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment