Истеъмолчи мурожаати асосида iPhoneдаги носозлик бартараф этиб берилди
Истеъмолчида харид қилинган товарни тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд. Агар истеъмолчи товарни сотиб олганидан сўнг ва ундан фойдаланиш даврида нуқсонларни аниқласа, қонунчиликка кўра унда товарни бошқасига алмаштириш, нуқсонларни бепул бартараф этиб берилишини талаб қилиш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қопланишини талаб қилиш каби ҳуқуқлар вужудга келади ва у ушбу талабларини сотувчига нисбатан қўяди. Сотувчи эса, ўз навбатида, истеъмолчининг қонуний талабларини ўрганиб чиқиб, тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим. Акс ҳолда сотувчи турли молиявий санкциялар (неустойка, пеня тўлаш)га дучор бўлиши мумкин.
Бағдод тумани “Саидобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ш.Ж. талаба қизи фойдаланиши учун тумандаги “Ишонч” савдо дўконидан, шартнома қиймати 9 458 800 сўм бўлган, iPhone 13 русумли мобил қурилмани бўлиб тўлаш шартларида харид қилгач, ундан фойдаланишлари жараёнида турли носозликлар кузатилган. Ушбу масалада сотувчига қилган мурожаатидан ўзини қаноатлантирадиган жавоб ололмагач, Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки равишда мурожаат қилган.
Масалага туман жамияти мутахассисларининг аралашуви эса муаммони тезкорликда бартараф этилишига сабаб бўлди. Мобил қурилмага бепул сервис хизмати кўрсатилиб, истеъмолчи қўлига соз ҳолатда топширилди.
Дилором Мирзаева,
жамият мутахассиси.



Post Comment