Коммунал хизматлар истеъмолчилари тегишли ташкилотнинг расмий сайтидаги шахсий кабинетларини бошқаришни ўрганишлари муҳим
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига коммунал хизматлар (электр, газ, сув таъминоти) истеъмолчиларидан уларга ҳисобланган асоссиз қарздорликлар масаласида турли мурожаатлар бўлиб туради. Мурожаатларни ўрганиш жараёнида эса, бугунги ахборот асрида, аксарият ҳолларда истеъмолчилар юқоридаги хизматларни кўрсатувчи идораларнинг расмий сайтларида ўз шахсий кабинетлари ташкил қилинганлигини билмасликлари ёки ушбу қулайликка эътиборсизлик билан қаралиши ҳолатларига дуч келинади.
Мисол тариқасида ичимлик суви истеъмолчилари учун “Ўзсувтаъминоти” АЖнинг uzsuv.uz расмий сайтида ташкил қилинган истеъмолчи шахсий кабинетини олиб кўрайлик. Истеъмолчи мазкур кабинетга вақти-вақти билан кириб, сув ҳисоблагичи кўрсаткичларини киритиб бориши талаб қилинади. Ушбу кўрсаткичларни ўз вақтида киритиб борилмаслиги ёки узоқ вақт киритилмасдан қолиши эса дастур эгаси ҳисобланган ичимлик суви таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолнинг ўртача кўрсаткичлари киритилишига ва бунинг натижасида хонадонда ичимлик суви ҳажми истеъмол бўлмагани ёки ўртачага нисбатан камроқ истеъмол бўлгани ҳолда, дастурга кўпроқ ҳажм киритиб юборилишига ва асосланмаган қарздорлик суммаларини юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Олтиариқ туманида яшовчи И.М.нинг Федерация 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатини ўрганиш давомида ҳам шу ҳолат кузатилди. Ўрганишда хонадонда ичимлик сув истеъмоли сув ҳисоблагич воситасида олиб борилиши, лекин истеъмолчи томонидан сув ҳисоблагич кўрсаткичларини биллинг базага ўз вақтида киритиб борилмаганлиги сабабли 508 000 сўм асоссиз қарздорлик юзага келганлиги маълум бўлиб, ўрганиш ишлари доирасида мазкур қарздорликни бартараф қилиш чора-тадбирлари кўрилган бўлсада, бу ҳолат истеъмолчининг турли идораларга мурожаат қилишга, оқибатда қимматли вақт ва асабларини йўқотишига сабаб бўлганлиги ачинарлидир.
Шу ўринда, коммунал хизматлар истеъмолчиларига “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ каби идораларнинг расмий сайтларида истеъмолчилар учун шахсий кабинетлар ташкил қилинганлиги, мазкур кабинетларга вақти-вақти билан кириб шахсий ҳисоб рақамларида бўлаётган ўзгаришлардан доимий хабардор бўлиб боришларини, шунингдек лозим ўринларда тегишли кўрсаткичларни киритиб боришларини сўраб қоламиз.
Дилобар Дадахонова,
жамият мутахассиси.
Post Comment