Хусусий секторда истеъмолчиларга ўз эътирозларини ўрнида билдиришлари учун имкониятлар яратиб берилиши зарур

Хусусий секторда истеъмолчиларга ўз эътирозларини ўрнида билдиришлари учун имкониятлар яратиб берилиши зарур

Турли давлат идораларига ўз ариза, шикоят ва таклифлари билан мурожаат қилиб келаётган аҳоли вакиллари учун мазкур идораларда ўз мурожаатлари (шунингдек эътирозлари)ни оғзаки, ёзма ва электрон шаклларда, ўрнида билдиришлари учун тегишли шароит ва имкониятлар яратиб қўйилган. Лекин истеъмолчиларга хизматларнинг аксарият қисми хусусий сектор томонидан кўрсатиладиган бугунги кунда истеъмолчи сотилган товар, кўрсатилган хизмат, бажарилган иш юзасидан ўз эътирозини хусусий сектор масъулига юқоридаги шаклларда билдириш имкониятлари мавжудми?

Амалиётда, кўпчилик ҳолларда, харид қилган товарида нуқсон аниқланган истеъмолчи ўз эътирозларини савдо дўкони ходимига фақат оғзаки тарзда билдириш имкониятига эга. Сабаби мазкур дўконда истеъмолчи учун эътирозларни билдиришнинг бошқа имкониятлари (масалан, шикоят ва таклифлар дафтари, электрон мурожаат қилиш учун алоқа маълумотлари ва б.) яратилмаганидадир. Оқибатда истеъмолчининг сотувчига қилган оғзаки равишдаги мурожаати (эътирози) ҳеч қаерда акс этмасдан (расмийлаштирилмасдан), сотувчида уни “эрта кел”, “индин кел” қабилида ҳафталаб, ойлаб сарсон қилиш учун имконият мавжуд. Тегишли шаклдаги ва қонун талабларини ўзида акс эттирган Эътирознома (претензия)ни ёзиб, уни сотувчига тақдим қилиш, у олишни бош тортган тақдирда эса почта орқали юбориб, эртага низони ҳал қилишда асқотадиган таянч нуқтани – ўзининг илк мурожаат қилган куни (вақти, соати)ни қонуний қайд қилиш, талаблари ўз муддатларида кўриб чиқилмаган, тегишли тартибда ҳал қилинмаган тақдирда эса қонун талаблари бўйича неустойка (пеня)ларни ундириб олишни эса ҳамма ҳам ёки билмайди ёки уддасидан чиқавермайди.

Шу сабабдан ҳам Рақобат бошқармаси сўрови ва танлама асосда вилоятдаги истеъмолчиларга савдо ва умумий овқатланиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилаётган 97 та субъектларда аҳоли вакилларига бу борада яратилган имкониятлар юзасидан кузатувлар ўтказилганида, уларнинг 25 таси ёки 25,7 % идагина (шуларнинг 76 % и дорихоналардир) истеъмолчи ўз мурожаати (эътирози)ни оғзаки равишда билдиришидан ташқари шикоят ва таклифлар дафтарига ҳам қайд қилиши учун имкониятлар яратилганлиги, қолган субъектларда эса фақатгина оғзаки эътирозлар билан чекланиши қайд қилинди. Шуларнинг 28 таси умумий овқатланиш шохобчалари, 25 таси савдо дўконлари, 19 таси эса дорихоналардир. Уларнинг бир-иккитасида бу борада электрон шаклда ҳам қабул қилиш имконияти яратилганлиги даъво қилинган бўлсада, мурожаат қилиниши мумкин бўлган электрон манзил (почта, бот ва б.) кўзга кўринарли ва истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга қўйилмаганлиги бу имкониятларнинг яратилмаганлигини кўрсатади.

Кузатувдан ўтказилган субъектларнинг 43 таси ёки салкам ярмида, шуларнинг 21 таси савдо дўконлари, 19 та умумий овқатланиш шохобчалари, 3 таси дорихоналар, кириш қисмига субъектнинг номи, юридик манзили ва иш тартибини кўрсатувчи пешлавҳаларнинг ўрнатилмаганлиги эса, қонунларни билган истеъмолчи учун ҳам Эътирозномани ёзма равишда беришда қийинчилик туғдиради. Сабаби у Эътирозномани почта орқали юбориш учун субъектнинг ҳақиқий манзилини билмайди (хизмат кўрсатувчи вакили эса ушбу манзилни айтишдан бош тортиши ёки манзилни нотўғри бериши ҳам мумкин).

Юқоридаги шароитларни тўлиқ ва тўлақонли яратиб берилиши истеъмолчиларга қулайликлар яратиши билан биргаликда, хусусий сектор эгаси – мулкдорга ҳам ўз бизнеси ва қўл остидаги ходимлар устидан самарали назорат бориш, харидор (мижоз)ларнинг эътирозлари билан ишлаш йўналишида самарали иш ташкиллаш ва улар билан юзага келадиган низоларни ўрнида ҳал этиш ҳамда мурожаатларни турли давлат идораларигача етиб бориб, улар томонидан текширилишигача бўлган ортиқча бош оғриқлардан бироз ҳоли бўлиш имкониятини ҳам яратиб берган бўлар эди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin