Техник жиҳатдан мураккаб маиший товарларни сотиб олишда нималарга эътибор қаратиш муҳим?
Техник жиҳатдан мураккаб товарлар — бу электр жиҳозлари, радиоэлектрон аппаратлар, ҳисоблаш техникаси, фото-видео воситалар, телефонлар ва шунга ўхшаш мураккаб конструкцияга эга маҳсулотлардир.
Сотув жараёнида бундай товарлар савдоолди тайёргарликдан ўтиши лозим: товарни транспортировка қутиси очилиши, чанглардан тозалаш, товарнинг ишлаши ва бутлиги синаб кўрилиши керак.
Харидор талаби билан сотувчи товарнинг ички тузилиши, ишлаш принципи ва ҳужжатлари (йўриқнома, техник паспорт ва ҳк.) билан таништириши шарт.
Агар маҳсулот нуқсонли бўлиб чиққан бўлса, харидор кафолат доирасида товарни бепул таъмирлашни, алмаштиришни ёки пулини қайтаришни талаб қилиши мумкин.
Лекин, муҳим жиҳат: “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига мувофиқ, зарур сифатдаги, кафолат муддати белгиланадиган техник жиҳатдан мураккаб товарлар “қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган” товарлар рўйхатига киритилган.
Шундай экан, бундай товарни сотиб олаётганингизда, у зарур сифатда бўлса, бошқа айрим ноозиқ-овқат товарларига нисбатан қўллашингиз мумкин бўлган ҳуқуқингиз – унинг қандайдир истеъмол хусусияти (ранги, ўлчами, фасони ва б.) ёқмаганлиги ёки мос келмаганлиги нуқтаи назаридан алмаштириб олиш имкониятига эга бўлмаслигингизни ҳам унутмаслигингизни эслатиб ўтамиз.
Ҳусниддин Мўйдинов,
Фурқат туман жамияти раиси в.б.



Post Comment