Мебеллар жамламасининг таркибий қисмларидаги нуқсонлар сабаб тўплам тўлиғича алмаштирилди
Истеъмол соҳасига оид қонунлар истеъмолчига бир қатор ҳуқуқлар ва кенг имкониятлар яратиб берган. Фақат улардан, етарли асослар билан, ўз ўрнида фойдаланиш талаб этилади. Айтайлик, истеъмолчи сотиб олган диван ва иккита креслодан иборат жамламадаги креслолардан бирида нуқсон аниқланди. Ушбу ҳолатга истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириб олиш ҳуқуқидан келиб чиқиб тушунтириш берадиган бўлсак, у бу ҳолатда қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиб сотувчидан нуқсонли креслони ўзини алмаштириб олиши мумкин бўлгани ҳолда, қонун истеъмолчига бутун тўпламни сотувчига қайтариб, уни тўлиғича алмаштириб олиш ҳуқуқини ҳам беради.
Ёзёвон туманилик Ш.Э. якка тартибдаги Т.И.га қарашли бўлган савдо дўконидан 7 800 000 сўмга сотиб олган мебелларнинг таркибий қисмларида ҳеч қанча вақт ўтмасдан нуқсонлар кузатилган. Хусусан, бўёқлари ўчиб ранги оқариб кетиш ҳолатлари кузатилган, эшиклари яхши очилиб ёпилмасдан турли ноқулайликларни келтириб чиқарган.
Истеъмолчи мурожаати ўрганилганда унинг томонидан келтирилган важларнинг ўринли эканлиги тасдиғини топди. Бу борада сотувчи билан олиб борилган музокаралар натижаси билан сифатсизлиги даъво қилинган мебеллар тўпламини бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.



Post Comment