Истеъмолчини олти кун давомида қийнаб келган муаммо бартараф қилинди

Истеъмолчини олти кун давомида қийнаб келган муаммо бартараф қилинди

“Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари”нинг 286-бандида телекоммуникация оператор ва провайдерларининг умумий мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда хизмат кўрсатувчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини амалдаги стандартлар, қоидалар, нормалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини, хизматлар кечаю-кундуз кўрсатилишини таъминлаш, кўрсатилган хизматларнинг камчиликларини шартномада, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этиш каби бир қатор умумий мажбуриятлар юклатилган.

Лекин Қоидаларда абонент/фойдаланувчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни улар келиб тушган санадан бошлаб ўн беш кун ичида этиб белгиланиши бугунги ахборот асри талабларига, шунингдек бозор, рақобат тамойилларига бироз мос эмасдек туюлади. Сабаби интернет хизматлари фойдаланувчиси учун интернет ҳар куни, ҳар соатда зарур. Оддийгина WiFi роутерда юзага келган жузъий нуқсон сабабли бир неча кун интернетдан узилиб қолган истеъмолчи ва мурожаатни ўрганиб чиқишга ҳали 15 кун вақтимиз борку, деб ушбу арзимаган нуқсонни бартараф этиб беришни пайсалга солиб келаётган хизмат кўрсатувчини кўз олдингизга келтиринг.

Ўзбекистон туманилик Ҳ.М. ҳам хонадонида интернет яхши ишламаётганлиги ҳақида ариза берганлиги, орадан 6 кун ўтган бўлсада хизмат кўрсатувчи томонидан ҳеч бир чора-тадбир кўрилмаганлигини маълум қилиб Федерация ишонч телефонига шикоят қолдирган. Мурожаат соҳа масъуллари ҳамкорлигида ўрганилиши жараёнида мутахассис томонидан хонадондаги WiFi роутерни созланиши билан муаммо бартараф бўлди.

Шу ўринда истеъмолчиларга, турли хизматлардан фойдаланганда шартномада белгиланган муддат, миқдор, ҳажм ва сифатда хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқингиз мавжудлигини, ҳуқуқларингиз бузилганда эса Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотларига ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда мурожаат қилиш имкониятига эгалигингизни эслатиб ўтамиз.

Дилшодбек Рассаев,
Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin