Икки дона ноутбук сотувчига қайтарилди

Икки дона ноутбук сотувчига қайтарилди

Қонунчиликка кўра, кафолат муддатлари белгиланган техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар зарур сифатда бўлса, уларни қандайдир истеъмол хусусияти (ранги, фасони, ўлчами ва б.) ёқмаганлиги ёки мос келмаганлиги важи билан сотувчига қайтариб бўлмайди. Бироқ мазкур зарур сифатдаги товар олди-сотди жараёнида сотувчи томонидан нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши йўли билан сотилган ва бу зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлади.

Айтайлик, истеъмолчи ноутбук харид қилиш жараёнида унинг қуввати ва функциялари бўйича ўз талабларини маълум қилди, сотувчи эса таклиф қилинаётган товар истеъмолчи талабидаги функцияларни бажара олишини ваъда қилиб, савдо амалиётини амалга оширди. Бироқ кейинчалик ноутбукда бундай функцияларни бажара олиш имконияти кўзда тутилмаганлиги маълум бўлди. Бундай ҳолатдаги низоларни кўриб чиқишда эътибор кафолат муддати белгиланган техник жиҳатдан мураккаб мазкур товарнинг зарур сифатдалигига эмас, балки нотўғри маълумот туфайли истеъмолчига сотилганлиги ва истеъмолчи ундан кўзланган мақсадда фойдалана олмаганлигига қаратилади.

Қўқон шаҳрида яшовчи С.Ў.нинг Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилинган мурожаатини Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганишда ҳам худди шундай ҳолатлардан бирига дуч келинди ва ўрганиш натижалари билан истеъмолчи томонидан 12 802 000 сўмга харид қилинган икки дона ноутбук сотувчига қайтарилди.

Алишер Рахимов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin