Кўрсатилмаган хизмат учун тўланган пуллар қайтариб олинди

Кўрсатилмаган хизмат учун тўланган пуллар қайтариб олинди

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда турли ташкилотлар номи билан ўзини таништириб, аҳолидан пул ундириш билан шуғулланувчи шахслар ҳақидаги хабарлар тез-тез учраб турибди. Айрим ҳолларда улар “ёнғин хавфсизлиги хизмати”, “техник кўрик маркази” ёки “маҳаллий назоратчилар” ниқоби остида фуқаролар ишончини суистеъмол қилишади. Учкўприк туманида содир бўлган навбатдаги ҳолат эса бу муаммо қанчалик долзарб эканини яна бир бор тасдиқлади.

Шу туманда яшовчи Х.Н. хонадонига бир неча марта ташриф буюрган шахс ўзини “ёнғиндан муҳофаза қилиш” хусусий ташкилоти ходими сифатида таништирган ва фуқародан умумий ҳисобда 460 000 сўм пул ундирган. Ходимнинг охирги ташрифида Х.Н. ундан: “Сизга пул тўлаяпмиз, лекин сизлар бизга қайси хизматни кўрсатяпсиз? Бу маблағлар нимага тўланяпти?” деб сўраганида, келган шахс аниқ жавоб беролмаган.

Шундан сўнг фуқаро масалани очиқ қолдирмасдан, Федерация ишонч телефонига мурожаат қилиб, кўрсатилмаган хизмат учун тўланган пулларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Федерациянинг Учкўприк туман жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиб чиқиб, истеъмолчи манфаатлари ҳимоясини таъминланиши ҳамда Х.Н.га 460 000 сўм пул маблағини тўлиқ қайтарилишига эришдилар.

Ушбу ҳолат аҳоли ҳушёр бўлиши, ҳар қандай ташкилот вакилидан хизмат асосини, ҳужжатини ва ҳуқуқий мақомини сўрашдан ҳеч қачон уялмаслиги кераклигини, энг муҳими — истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қиладиган механизмлар мавжудлигини кўрсатиб берадиган ёрқин мисоллардан биридир.

Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin