Битта тўловнинг икки қайта тўланиши ҳолати бартараф қилинди

Битта тўловнинг икки қайта тўланиши ҳолати бартараф қилинди

“Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари”нинг 31-бандига асосан, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларнинг қайта ҳисоб-китоби амалга ошириладиган ҳолатлардан бири доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар сонига белгиланган тартибда тузатишлар киритилиши ҳолати бўлиб, истеъмолчи доимий яшаш ёки вақтинча турар жойида вақтинча бўлмаганлиги ёки доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан чиқарилганлигининг ҳужжатлар билан тасдиқланган даври учун маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш мажбуриятларидан тўлиқ озод бўлиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг мажбуриятларидан бири истеъмолчиларнинг маълумотлар базасини мунтазам равишда янгилаб боришдан иборатдир.

Акс ҳолда, оиладаги аъзолари сонидаги ўзгаришлар: фарзандини турмушга бериш, фарзандларга уй-жой харид қилиб, уларнинг рўзғорини бошқа қилиш, оила аъзосининг узоқ муддатга ўқиш ёки ишлаш учун кетиши, харид қилинган хонадонда ҳеч ким яшамаслиги ва бошқа шу каби ҳолатларда тўловларни ҳисоблашда ноаниқликлар юзага келиши ёки битта истеъмолчи учун икки жойда ҳисоб юритилиши ҳолатлари юзага келиши мумкин. Шундай ҳолатлардан бири Фарғона шаҳрида кузатилган.

Хонадонида 8 киши истиқомат қиладиган истеъмолчи Қ.С. шаҳарнинг Қиргули даҳасидаги кўп квартирали уйлардан бирини харид қилганидан сўнг, қишнинг совук кунларида бундай хонадонларда кексалар учун керакли шароитлар мавжудлигини инобатга олиб унинг ота-онаси ушбу хонадонга кўчиб бориб яшай бошлаган. Лекин кейинчалик маълум бўлишича, чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари учун тўловларни ҳисоблашда хонадон аъзоларининг сони 2 тага камайганлиги ўз вақтида базага киритилмаслиги оқибатида Қ.С.нинг хонадони бўйича тўловларни 8 кишига ҳисоблаб борилаверишига сабаб бўлган.

Истеъмолчининг бу борада Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилган мурожаатини Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши давомида Қ.С. хонадонида тўловларни 8 кишига, янги хонадонда 2 кишига ҳисобланиши битта тўловнинг икки қайта тўланиши ҳолатини келтириб чиқараётганлиги қайд қилиниб, Қ.С. хонадонидан 2 нафар оила аъзосини ҳисобдан чиқариш йўли билан қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди ҳамда юзага келган нотўғри қарздорлик бартараф қилинишига эришилди.

Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin