Сифатсиз ёқилғи сотилиши сабаб автомобилга етказилган зарар қоплатилди
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 20-моддасига кўра, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Қўштепа туманида шундай ҳолатлардан бири кузатилди.
Шу туманда истиқомат қилувчи К.А. Марғилон шаҳри ҳудудидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасидан ўз автомобилига АИ-92 маркасидаги бензин қуйиб ҳаракатни давом эттирган. Бироқ муайян вақт ўтиб автомобилда техник носозлик кузатилган. Муаммо нимадалигини билмаган истеъмолчи автосервисга мурожаат қилади. У ерда эса машинанинг мотор қисмида носозлик келиб чиққанлиги, бунга эса ёқилғи сифатининг ёмонлиги сабаб қилиб кўрсатилади. Ёқилғи қуйиш шохобчаси билан бу борадаги муаммони ҳал қила олмаган истеъмолчи Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Мурожаат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш инспекцияси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида ўрганилиши жараёнида мутахассислар томонидан АЁҚШда сотилаётган АИ-92 маркасидаги бензин ёқилғисидан намуналар олиниб, Испекциянинг Тошкент шаҳридаги марказий назорат-кимё лабораториясига юборилган. Лаборатория таҳлил натижаларига кўра эса бензин ёқилғисидан олинган намуналар Давлат андозаси талабаларига мос келмаслиги қайд қилинган.
Ўрганиш ишлари якуни билан автомобилда юзага келган носозликка ёқилғи сифати сабаб бўлганлиги исботини топгач, ёқилғи қуйиш шохобчаси томонидан истеъмолчи К.А. томонидан Дамас русумли автомашинасини таъмирлатиш билан боғлиқ ҳолда кўрилган 2 915 000 сўм зарарнинг ўрни тўлиқ қоплаб берилди.
Зафарбек Мавлонов,
жамият мутахассиси.



Post Comment