Соҳа раҳбар ва масъул ходимлари “Ёшлар куни” тадбири доирасида мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари “Ёшлар куни” тадбирлари доирасида таълим муассасаларида ўқиётган ёшлар билан учрашилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид турли масалаларда суҳбатлар ўтказиб борилмоқда. Шу кунга қадар ҳудудий бошқарма ва ҳудудий бирлашма ҳамкорлигида бир қатор олий ва профессионал таълим муассасаларида ёшлар билан учрашилиб, уларнинг соҳага оид билим ва малакаларини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Бу галги учрашув Фарғона шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтди. Дастлаб мазкур тадбир доирасида 2026 йилнинг 26 апрел кунида қабул қилинганига 30 йил тўлган Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига алоҳида эътибор қаратиб ўтилиб, Рақобат бошқармаси бошлиғи Равшанбек Туранов қонунчилик ва уни вужудга келиши асослари юзасидан атрофлича маълумот ва тушунтиришлар бериб ўтди.
Шундан сўнг Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси Аҳроржон Рахмоналиев мазкур қонун асосида истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши ва Федерация фаолияти ҳақида тадбир иштирокчиларига атрофлича тушунтиришлар берди.
Шунингдек, тадбир доирасида – “Ахборот асрида ёш истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” масаласига ҳам тўхталиб ўтилиб, интернет кенг ривожланган бугунги кунда ёшларда молиявий ҳамда медиа саводхонлик, интернетдаги турли фирибгарликлардан огоҳ бўлиш, бу борада муаммоларга дуч келинганда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар ҳамда ваколатли идораларга мурожаат қилиш тартиблари юзасидан тушунчалар берилди.
Суҳбат давомида интернет воситасида онлайн савдони амалга ошириш, молиявий фирибгарликлар, савдони молиявий пирамидалар ва тармоқли маркетинг тарзида амалга оширилиши йўналишларида аҳоли (истеъмолчилар) дуч келаётган муаммолар аниқ мисоллар тарзида очиб берилиб, киберхавсизлик, спам, фишинглардан эҳтиёт бўлиш, доирасида ёшларни бу борадаги фикр ва мулоҳазалари тингланиб, уларнинг саволларига жавоблар қайтарилди.



Post Comment