Таълим муассасасида истеъмолчилар ҳуқуқларига оид тарғибот тадбири ўтказилди
Фурқат туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан тумандаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик мазмун-моҳияти ҳамда бу борадаги ижтимоий шериклик муносабатларига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасаси педагог ходимлари ҳамда туман жамияти масъул ходимлари иштирок этдилар. Унда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти, истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари ва уларни таъминлаш механизмлари хусусида атрофлича тушунчалар берилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, айниқса ёш авлодда истеъмол маданиятини шакллантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, таълим муассасаларида бундай тарғибот тадбирларини мунтазам ташкил этиш ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида қонунчилик ижросини таъминлашда таълим муассасалари ҳамда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ўртасида ижтимоий шериклик ва ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Хусусан, таълим муассасаларида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, ўқувчилар ва педагогларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Федерация тизимида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни ўрганиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди.



Post Comment