Харидормисиз ёки истеъмолчи?
Дўконга кириб пулингизни бердингиз ва товар олдингиз… Хўш, сиз харидорсизми ёки истеъмолчи? Тўхтанг, иккаласи бир хил нарса эмас ҳушёр бўлинг!
Агар сиз дўконингиз учун қайта сотишга 10 та телефон олсангиз — сиз шунчаки харидорсиз. Бу ерда оддий шартнома қоидалари ишлайди.
Аммо телефонни шахсий истеъмол учун учун, ўзингиз, оилангиз ёки уйингиз учун олсангиз — сиз Истеъмолчисиз! Айнан шу мақом сизда алоҳида “суперкуч” яратади ва давлат сиз тарафда бўлади. Чунки бизда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги алоҳида қонун бор!
Агар пулингиз куйиб кетмасин десангиз, товар ёки хизмат олишда мана бу 4 та нарсага албатта эътибор беринг:
1. Чек — бу сизнинг ҳимоя қалқонингиз!
“Чек шарт эмас” дейишдими? Ишонманг! Фискал чек ёки квитанция — сизнинг айнан шу сотувчидан товар олганингизни исботловчи асосий ҳужжат. Чек бўлмаса ҳам ҳуқуқингизни ҳимоя қилса бўлади, лекин чек билан бу 10 баравар осонроқ.
2. Маркировка ва маълумот
Товар қачон чиққан? Яроқлилик муддати қачон тугайди? Таркиби нима? Қонун бўйича бу маълумотларнинг барчаси давлат тилида ва тушунарли ёзилган бўлиши шарт! Маълумоти йўқ товарни олиш — таваккалчиликдир.
3. Инстаграм ёки Telegramдан оляпсизми? Ҳушёр бўлинг!
“Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунга кўра, онлайнда товар сотаётган шахс ёки дўкон ўз номи, манзили, реквизитлари ва товар ҳақидаги тўлиқ маълумотни очиқ кўрсатиши шарт. “Нархи дайректда” ёки “Картага пул ташланг, қайтариб олинмайди” дейиш — ноқонуний! Сотувчининг кимлиги аниқ бўлмаса, пулингизни ўтказишга шошилманг.
4. 10 кунлик синов муддати
Агар ноозиқ-овқат маҳсулоти сифатли бўлса-ю, лекин ранги, ўлчами ёки бичими ёқмай қолса, уни 10 кун ичида алиштириб олишингиз ёки пулингизни қайтаришни талаб қилишингиз мумкин. Фақат товар ишлатилмаган ва идиши шикастланмаган бўлиши керак.
Айтганча, бу фақат товарларга эмас, хизматларга ҳам тегишли!
Уй таъмири, курслар ёки уста хизматидан фойдаланганда ҳам, олдиндан ишни бажариш муддати ва сифатини келишиб олиш ҳуқуқига эгасиз. Агар уста муддатни ўтказиб юборса, сиз шартномани бекор қилиб, зарарни ундиришингиз мумкин.
Эсингизда тутинг: Саводхон истеъмолчи — сотувчи учун ёқимсиз мижоз бўлиши мумкин, лекин жамиятнинг энг катта ютуғи!
Ўз ҳуқуқингизни билинг, сифатсиз товар ёки хизматга кўз юмманг.



Post Comment