Қува туманида тиббий хизматлар сифати жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва шаффофлигини ўрганишга қаратилган кенг қамровли жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилмоқда.
Федерация раисининг тегишли буйруғига мувофиқ жорий йилнинг июн-август ойларида республика бўйлаб давлат тиббиёт муассасаларида жамоатчилик мониторинги ташкил этилган. Унда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати, беморлар учун яратилган шароитлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий фаолиятига аралашмаган ҳолда, ўрганиш белгиланган. Мониторинг жараёнига мутасадди ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳам жалб қилиш назарда тутилган.
Ана шу тадбирлар доирасида Федерациянинг Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси Ишчи гуруҳи томонидан Қува туманидаги давлат тиббиёт муассасаларида ҳам жамоатчилик назорати тадбирлари олиб борилди.
Мониторингнинг асосий мақсади тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва шаффофлигини, дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни тайинлаш ва реализация қилиш жараёнларида қонунчилик талабларига риоя этилишини жамоатчилик назорати асосида ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Шу боис ўрганиш жараёнида фақат тиббий хизматнинг ўзи эмас, балки бемор тиббиёт муассасасига кириб келганидан бошлаб унга яратилган шароитларнинг бутун занжирига эътибор қаратилди.
Хусусан, беморларни қабул қилиш ва навбат тизими, шифокорларнинг иш жадвали, пулли ва бепул хизматлар ҳақида ахборот бериш, тўловларни амалга ошириш тартиби, ходимларнинг муомала маданияти, мурожаат ва шикоятларни қабул қилиш механизмлари ўрганилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва болалар учун яратилган шароитларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жамоатчилик назоратида беморларнинг ўз ҳуқуқларидан қай даражада хабардорлиги ва бу ҳуқуқларни таъминлаш учун тиббиёт муассасасида қандай шароит яратилгани муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.
Жумладан, беморга унинг соғлиғи ҳолати, ташхиси ва даволаш тартиби ҳақида тушунтириш берилиши, тиббий аралашув ёки муолажа учун розилигини олиш, шахсий маълумотлар ва тиббий сирнинг сақланиши, шунингдек, шикоят қилиш механизмларининг мавжудлиги ўрганилди.
Ўрганишнинг яна бир муҳим йўналиши — беморларга дори воситаларини тайинлаш ва рецептларни расмийлаштириш амалиёти.
Концепцияга мувофиқ, дори воситаларини халқаро патентланмаган номи бўйича тайинлаш, рецептларни белгиланган тартибда расмийлаштириш, электрон рецепт тизимидан фойдаланиш ҳамда беморга дорини қабул қилиш тартиби, дозаси, муддати ва ножўя таъсирлари ҳақида етарли тушунтириш берилиши каби масалалар таҳлил қилинди.
Шунингдек, шифокор томонидан беморга муайян дорихона, фирма ёки муайян савдо белгисига эга дори воситасини тавсия қилиш ҳолатларига ҳам эътибор қаратилиши белгиланган.
Мониторинг тиббиёт муассасасининг санитария ҳолатини ҳам қамраб олади. Палаталар, йўлаклар, қабулхоналар, ҳожатхона ва ювиниш хоналарининг тозалиги, ичимлик суви ва гигиена воситалари билан таъминланганлик, тиббий чиқиндилар билан ишлаш, дезинфекция тадбирлари ва ҳудуд ободонлиги ўрганилди.
Стационар муассасаларда эса беморлар овқатланиши, овқатларнинг сифати ва хилма-хиллиги, парҳез таомлари, ошхона ва овқат тарқатиш жойларининг санитария ҳолати ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш талабларига риоя қилинишига эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, беморлар учун кроват, тўшак ва чойшаблар, ичимлик ва иссиқ сув, иситиш ва совитиш тизими, кутиш заллари, хавфсизлик ва эвакуация йўлакларининг ҳолати каби кундалик ҳаёт учун муҳим бўлган жиҳатлар ҳам жамоатчилик назорати доирасида баҳоланди.
Ўрганишлар якунида тўпланган маълумотлар таҳлил қилиниб, ижобий тажрибалар билан бир қаторда ечим талаб этаётган масалалар умумлаштирилади. Аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат органлари ва мутасадди ташкилотларга асослантирилган таклифлар киритилиши кўзда тутилган.
Пировард мақсад — тиббиёт муассасасини “текшириш” эмас, балки бемор учун хизматни янада сифатли, очиқ, хавфсиз ва қулай қилишга жамоатчилик назорати орқали кўмаклашишдир.



Post Comment