“Чимён” пансионатида истеъмолчилар ҳуқуқларига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди

“Чимён” пансионатида истеъмолчилар ҳуқуқларига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона тумани жамияти ташаббуси билан “Чимён” пансионатида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирда пансионатнинг ишчи-ходимлари иштирок этиб, уларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талаблари, хизмат кўрсатиш жараёнида истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатишнинг муҳим жиҳатлари юзасидан тушунчалар берилди.

Хусусан, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан истеъмолчига хизмат тури, унинг нархи ва шартлари ҳақида тўлиқ, ишончли ҳамда тушунарли маълумот тақдим этилиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш жараёнида белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида санаторий ва пансионатларда дам олувчи фуқаролар ҳам, энг аввало, истеъмолчи экани, шу боис уларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланиши зарурлиги қайд этилди. Истеъмолчиларнинг эътироз ва таклифларини ўрганиш эса хизмат сифати ва ташкилот нуфузини оширишнинг муҳим омили экани таъкидланди.

Тадбир савол-жавоб ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар бериб, мутахассислардан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар.

Бундай тарғибот тадбирлари хизмат кўрсатувчи ташкилотларда истеъмолчилар ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашиш муҳитини шакллантириш, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

Post Comment