Сифатсиз иссиқлик хизмати учун асоссиз қарздорлик бекор қилинди

Сифатсиз иссиқлик хизмати учун асоссиз қарздорлик бекор қилинди

Коммунал хизматлар учун тўлов қилиш ҳар бир истеъмолчининг қонуний мажбурияти ҳисобланади. Бироқ хизмат белгиланган сифатда кўрсатилмаган бўлса-чи? Бундай ҳолатда ҳам истеъмолчи тўлиқ ҳақ тўлаши шартми?

Марғилон шаҳрида юз берган ушбу ҳолат мазкур саволга амалий жавоб бўлди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Марғилон шаҳар жамияти фуқаро манфаатини ҳимоя қилиб, суд орқали адолат қарор топишига эришди.

Марғилон шаҳри Гулистон маҳалласида яшовчи фуқаро С.Ш. яшаб турган хонадонда бир неча йил давомида иссиқлик таъминоти талаб даражасида амалга оширилмаган. Шунга қарамасдан, хизмат кўрсатувчи корхона томонидан хонадон учун қарздорлик ва пеня ҳисобланган.

Фуқаро муаммони мустақил ҳал қилишга ҳаракат қилган бўлса-да, натижа бўлмаганидан кейин Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Жамият мутахассислари ҳолатни ўрганиб, фуқаро манфаатини кўзлаб судга даъво киритди.

Суд муҳокамаси давомида муҳим ҳолат аниқланди: 2026 йил февраль ойида тузилган расмий далолатномада ушбу кўп қаватли уйга 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси етарли даражада етказиб берилмагани қайд этилган.

Шунингдек, суд коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, хизмат кўрсатувчи ташкилот истеъмолчига белгиланган сифатда иссиқлик етказиб бериш учун жавобгар эканини, хизмат талаб даражасида кўрсатилмаган тақдирда эса ҳисоб-китоб қайта кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.

Иш ҳужжатларини ҳар томонлама таҳлил қилган суд даъвони қисман қаноатлантирди.

Натижада фуқаро:

– 323 884 сўм асосий қарздорликдан;
– 41 336 сўм пенядан озод қилинди.

Шунингдек, суд давлат божини жавобгар корхонадан ундириш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу қарор нима учун муҳим? Ушбу суд қарори истеъмолчилар учун муҳим ҳуқуқий хулосани кўрсатади:

Агар коммунал хизмат белгиланган сифатда кўрсатилмаган бўлса, хизмат кўрсатувчи ташкилот истеъмолчидан асоссиз равишда тўлов талаб қилиши мумкин эмас.

Муҳими, бундай ҳолатни тасдиқловчи далиллар, далолатномалар ва бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлса, истеъмолчининг ҳуқуқи суд томонидан ҳимоя қилинади.

Истеъмолчиларга тавсия

Агар сиз ҳам:

– иссиқлик,
– ичимлик суви,
– электр энергияси,
– табиий газ,
– чиқинди хизмати ёки бошқа коммунал хизматлар бўйича хизмат сифати талабга жавоб бермаслигига қарамай қарздорлик ҳисобланган деб ҳисобласангиз, аввало ҳолатни расмийлаштиринг, далолатнома тузилишига эришинг ва зарур ҳолларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда унинг ҳудудий ташкилотларига мурожаат қилинг.

Марғилон шаҳрида кўриб чиқилган мазкур иш яна бир бор шуни исботладики, қонун истеъмолчи томонида. Муҳими, ўз ҳуқуқини билиш, уни ҳужжатлар билан асослаш ва зарур пайтда малакали ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишдир.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin