Давлат тиббиёт муассасаларида жамоатчилик мониторинги ўтказилди

Давлат тиббиёт муассасаларида жамоатчилик мониторинги ўтказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва очиқлигини баҳолаш, беморлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиббиёт муассасаларида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини жамоатчилик назорати асосида ўрганиш мақсадида республика бўйлаб кенг кўламли мониторинг тадбирлари давом эттирилмоқда.

Федерация раиси томонидан тасдиқланган тегишли буйруққа мувофиқ жорий йилнинг июнь–август ойларида давлат тиббиёт муассасаларида ўтказилаётган жамоатчилик мониторинглари доирасида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасининг ишчи гуруҳи томонидан Қўштепа туманидаги давлат тиббиёт муассасаларида ҳам жамоатчилик назорати тадбирлари ташкил этилди.

Мониторингнинг асосий мақсади тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва шаффофлигини, дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни тайинлаш ва реализация қилиш жараёнларида қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Ўрганиш жараёнида беморларнинг тиббиёт муассасасига мурожаат қилган илк дақиқасидан бошлаб улар учун яратилган шарт-шароитлар комплекс тарзда баҳоланди. Жумладан, беморларни қабул қилиш ва навбат тизими, шифокорлар фаолиятининг ташкил этилиши, пуллик ва бепул тиббий хизматлар ҳақида ахборот бериш тартиби, тўловларни амалга ошириш жараёни, ходимларнинг муомала маданияти ҳамда мурожаат ва шикоятларни қабул қилиш механизмлари ўрганилди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва болалар учун яратилган қулайликлар, уларнинг тиббий хизматлардан тўлақонли фойдаланиш имкониятлари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди.

Мониторинг давомида беморларнинг ўз ҳуқуқларидан қай даражада хабардорлиги, уларга соғлиғи ҳолати, ташхиси ва даволаш усуллари бўйича етарли маълумот берилиши, тиббий аралашув учун розилик олиш тартиби, шахсий маълумотлар ва тиббий сирнинг дахлсизлиги ҳамда шикоят қилиш механизмларининг амалдаги ҳолати ҳам таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, дори воситаларини тайинлаш ва рецептларни расмийлаштириш амалиёти, халқаро патентланмаган ном бўйича дори тавсия этилиши, электрон рецепт тизимидан фойдаланиш ҳамда беморларга дори воситаларини қабул қилиш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилиши ўрганилди. Шу билан бирга, шифокорлар томонидан муайян дорихона ёки муайян савдо белгисига эга дори воситаларини тавсия қилиш ҳолатларига ҳам эътибор қаратилди.

Жамоатчилик назорати доирасида тиббиёт муассасаларининг санитария-гигиена ҳолати ҳам атрофлича кўздан кечирилди. Хусусан, палаталар, йўлаклар, қабулхоналар, ҳожатхона ва ювиниш хоналарининг тозалиги, ичимлик суви ва гигиена воситалари билан таъминланганлиги, тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш тартиби, дезинфекция ишлари ҳамда ҳудуд ободончилиги баҳоланди.

Шунингдек, стационар бўлимларда беморларнинг овқатланиш шароитлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, парҳез таомлар билан таъминланиши, ошхона ва овқат тарқатиш жойларининг санитария ҳолати, шунингдек, кроват, чойшаб, иссиқ ва совуқ сув, иситиш-совитиш тизимлари, кутиш заллари ҳамда эвакуация йўлакларининг ҳолати ҳам мониторинг дастури асосида ўрганилди.

Мониторинг якунида тўпланган маълумотлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда мутасадди ташкилотларга асосланган таклифлар киритилиши режалаштирилган.

Жамоатчилик мониторингининг бош мақсади назорат ўтказиш эмас, балки тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган хизматларни янада сифатли, шаффоф, хавфсиз ва қулай ташкил этишга жамоатчилик назорати орқали амалий кўмак беришдан иборат.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin