Радарлар тўғрисида айрим нарсаларни билиб олинг

Радарлар тўғрисида айрим нарсаларни билиб олинг

«Сиз ҳам фоторадарлар қаерга ўрнатилишини билишни истайсизми?». Унда қуйидаги матн ва видеони билан танишинг ҳамда бу борадаги саволларга жавоб олинг.

Фуқаролик жамияти институтларининг энг муҳим вазифаларидан бири — давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва аҳолини қизиқтираётган масалаларга расмий жавоб олишдир.

Ана шу мақсадда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига расмий жамоатчилик сўрови киритилди.

Сўровда фуқаролар томонидан энг кўп берилаётган саволлар ўрин олди. Жумладан, фоторадарлар қаерга ва қандай тартибда ўрнатилади, улар ҳақидаги маълумотлар қаерда эълон қилинади, «Радар» белгиси қайси масофада ўрнатилиши керак, жарима баллари қандай текширилади ва қарорлар устидан қандай шикоят қилиш мумкин, каби масалаларга ҳуқуқий асосланган тушунтиришлар сўралди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу саволларнинг барчасига расмий жавоб тақдим этилди.

Маълум қилинишича, республика бўйлаб ўрнатилган фото ва видео қайд этиш қурилмалари ҳақидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида мунтазам эълон қилиб борилади. Фуқаролар ҳар бир камеранинг жойлашган манзили ва қайси турдаги қоидабузарликларни қайд этиши билан танишишлари мумкин.

Яна бир муҳим янгилик — 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилувчи ҳар қандай стасионар ёки мобил радардан 250 метрдан 500 метргача олдин «Радар» йўл белгиси ўрнатилиши шарт.

Расмий жавобда фоторадарлар тасодифан эмас, балки йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили, ҳаракат интенсивлиги, аҳоли мурожаатлари ва бошқа муҳим омиллар асосида жойлаштирилиши ҳам қайд этилди.

Шунингдек, ҳайдовчилар ўзларига ҳисобланган жарима балларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Saferoad YHXX» мобил иловаси орқали мустақил текширишлари мумкинлиги маълум қилинди.

Агар транспорт воситасини бошқа шахс бошқарган бўлса, жавобгарликни расмий тартибда бошқа ҳайдовчига ўтказиш хизмати ҳам ишга туширилган.

Қолаверса, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун чиқарилган қарордан норози бўлган фуқаролар белгиланган тартибда электрон шаклда ёки ҳудудий ЙҲХХ бўлинмаларига мурожаат қилиш орқали шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Энг муҳими, ушбу жамоатчилик сўрови натижасида аҳолини қизиқтираётган долзарб саволларга давлат органининг расмий муносабати олинди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси келгусида ҳам жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда давлат органлари билан очиқ мулоқотни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ишларини изчил давом эттиради.

Ҳуқуқингизни билинг. Расмий маълумотга таянинг. Жамоатчилик назорати эса очиқлик ва шаффофликнинг муҳим кафолатидир.

Post Comment