Тўй ва маросим хизматларидан фойдаланяпсизми? Ҳуқуқларингизни унутманг.
Маълумки, кундалик ҳаётимизда оилавий тадбирлар, тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Бу жараёнда аҳолимиз базмгоҳлар, тўйхоналар, махсус агентликлар, келин либослари салонлари, фото ва видеостудиялар ҳамда қатор хизмат кўрсатувчи субъектларнинг хизматларидан фойдаланишади.
Аммо сўнгги пайтларда ушбу соҳада истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши, шартномаларнинг расмийлаштирилмаслиги, нархларнинг шаффоф эмаслиги ҳамда айрим санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаётганлиги юзасидан мурожаатлар кўпаймоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг иш режасига асосан вилоятимиз ҳудудида кенг қамровли жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.
Мазкур мониторинг тадбирларидан кўзланган асосий мақсад:
— тўй ва маросимлар индустрияси хизматларини кўрсатувчи субъектлар фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда савдо ва санитария-гигиена талабларига сўзсиз риоя этилишига эришишдир.
Бизнинг ишчи гуруҳларимиз томонидан қуйидаги йўналишлар қатъий назоратга олинади:
• Базмгоҳ ва тўйхоналарда озиқ-овқат хавфсизлиги, санитария меъёрлари ва қоидаларига амал қилиниши;
• Кўрсатиладиган хизматлар юзасидан истеъмолчилар билан ёзма шартномаларнинг тузилиши;
• Ҳисоб-китобларни амалга оширишда қонуний чеклар (онлайн-касса чеклари, терминал квитанциялари) берилиши;
• Хизмат нархларининг очиқлиги ва истеъмолчиларга тўлиқ маълумот берилиши.
Ушбу мониторинг давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли субъектларга тавсия ва кўрсатмалар берилади ва қонунбузарлик ҳолатлари бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритилади.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Агар Сиз базмгоҳлар, тўйхоналар, тўй агентликлари, салонлар, фото-видео студиялар ёки бошқа шу каби хизматлардан фойдаланишда сифатсизлик, шартнома шартларининг бузилиши ёки бошқа ҳуқуқбузарликларга дуч келсангиз, Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотларига мурожаат қилишингиз мумкин!
Федерациямизнинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали оғзаки тарзда мурожаат қилишингиз мумкин. Шунингдек, телефон браузери ойнасига murojaat.istemol.uz манзилини териб, электрон шаклда ҳам ўз мурожаатларингизни юборишингиз учун барча қулайликлар яратилган.
Қонун давлат ҳар бир истеъмолчининг ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатини беради!



Post Comment