Онлайн харид оқибатида юзага келган муаммо ҳал этилди

Онлайн харид оқибатида юзага келган муаммо ҳал этилди

Бугун онлайн савдо ҳаётимизнинг одатий қисмига айланиб бормоқда. Телефон орқали буюртма бериш, маҳсулотни қисқа вақт ичида қабул қилиб олиш ва уйдан чиқмаган ҳолда харидни амалга ошириш — катта қулайлик. Аммо онлайн харидда ҳам истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши ва маҳсулотни қабул қилиб олиш жараёнида эътиборли бўлиши керак.

Бунга Ёзёвон туманида ўрганилган бир мурожаат мисолида ҳам яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Ёзёвон тумани Қўрғонча МФЙда яшовчи фуқаро Т.Ж. онлайн савдо орқали сув насоси — Karcher маҳсулотини харид қилишга қарор қилади.

Ҳужжатларга кўра, у 2026 йил 2 август куни онлайн савдо орқали мазкур маҳсулотни 187 000 сўмга буюртма қилган. 4 август куни буюртма «UZUM MARKET»нинг Ёзёвон филиалидан қабул қилиб олинган.

Муаммо шунда бошланганки, харидор маҳсулотни филиалнинг ўзида очиб, ишлатиб кўришни имконини қила олмаган. Шундан сўнг у маҳсулотни уйига олиб бориб, очиб кўрганида, сув насосининг ишламаслиги — яъни нуқсонли экани маълум бўлган.

Харидор шу куннинг ўзида маҳсулотни яна савдо нуқтасига олиб бориб, уни қайтариш ёки тўлаган пулини қайтаришни сўраган. Аммо филиал ходимлари маҳсулотни қабул қилиб олишмаган ва харидорнинг талабини қаноатлантиришмаган.

Шундан сўнг фуқаро Ёзёвон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида жамият ходимлари томонидан «UZUM MARKET» масъуллари билан боғланилиб, маҳсулотнинг носозлиги юзасидан электрон тарзда ҳам мурожаат қолдирилди. Ўрганиш натижасида эса истеъмолчининг талаби қаноатлантирилди, сув насоси қайтариб олиниб, фуқарога 187 000 сўм маблағи тўлиқ қайтарилди.

Ушбу воқеа оддий, аммо жуда муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: онлайн харидда ҳам истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳимоясиз қолмайди.

Айниқса, техник жиҳатдан мураккаб ёки ишлашини текшириш талаб этиладиган маҳсулотларни қабул қилиб олаётганда имкони бўлса, уни ташқи кўриниши, бутлиги ва ишлаш ҳолати бўйича текшириб олиш муҳим.

Агар маҳсулотда нуқсон аниқланса:

— маҳсулотни қабул қилганингиз ёки нуқсонни аниқлаганингиз ҳақидаги далилларни сақланг;
— буюртма, тўлов ва етказиб беришга оид маълумотларни ўчириб юборманг;
— сотувчига муаммо ҳақида ёзма ёки электрон тарзда мурожаат қилинг;
— маҳсулотни қайтариш ёки қонуний талабингизни билдиришдан чўчиманг;
— талабингиз бажарилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилинг.

Энг муҳими, «пулим оз эди, овора бўлиб нима қиламан», деган қарашдан воз кечиш керак. Юқоридаги ҳолатда гап 187 минг сўм ҳақида борган бўлса-да, масаланинг моҳияти фақат пулда эмас. Гап истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи ва сотувчининг ўз мажбуриятларини бажаришида.

Онлайн савдо истеъмолчига қулайлик яратади. Бироқ маҳсулотни экранда фотоларини кўриб танлаш билан уни қўлга олиш ўртасида фарқ бор. Расмда яхши кўринган маҳсулот амалда нуқсонли чиқиши мумкин.

Шунинг учун харидор «буюртма бердим — демак, иш битди» деб эмас, «маҳсулотни қабул қилдим — энди унинг сифати ва ҳуқуқларимга ҳам эътибор бераман» деган ёндашувда бўлиши керак.

Мазкур мурожаат эса яна бир муҳим жиҳатни кўрсатди: истеъмолчи ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилганда ва муаммо юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилганда, масалани қонуний йўл билан ҳал қилиш имкони бор.

Хулоса шу: онлайн харидда эҳтиёткор бўлинг, ҳужжат ва далилларни сақланг, маҳсулотда нуқсон аниқланса эса ҳуқуқингизни талаб қилишдан қўрқманг. Сифатсиз товар учун тўланган маблағни қайтариш — имтиёз эмас, истеъмолчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласидир.

Post Comment