Истеъмолчи ҳуқуқлари — инсон манфаатларининг ишончли ҳимояси

Истеъмолчи ҳуқуқлари — инсон манфаатларининг ишончли ҳимояси

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимизда ушбу улуғ санани муносиб кутиб олиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимидаги ташкилотлар томонидан ҳам жойларда аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмолчилик маданиятини юксалтиришга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти ташаббуси билан шаҳардаги 22-ихтисослаштирилган мактаб-интернатида педагог ва ишчи ходимлар иштирокида ташкил этилди. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва ислоҳотлар» мавзусидаги давра суҳбатида соҳадаги янгиланишлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Тадбир давомида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сифатли товар ва хизматларга бўлган ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда қонуний ҳимоя механизмларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, иштирокчиларга истеъмолчи сифатида шартнома тузишда, товар ёки хизмат танлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, харидни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш ва зарур ҳолларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат этиш тартиби тушунтирилди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, соҳадаги янгиликлар юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Бундай маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари аҳоли, айниқса, меҳнат жамоалари ва таълим муассасалари ходимларининг истеъмолчилик ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Post Comment