«Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишони топширилди
Тошлоқ туманида «Устоз ва мураббийлар куни» муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида жамоатчилик ва таълим соҳаси вакилларини рағбатлантиришга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан таъсис этилган «Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишони Тошлоқ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Солиев Абдумажид Боқиевичга тантанали равишда топширилди.
Мазкур кўкрак нишони нафақат Федерация тизими ходимларини, балки истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этган, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва истеъмолчилик маданиятини оширишга муносиб ҳисса қўшган, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатини ривожлантиришда фаоллик кўрсатган ҳамкор ташкилотлар ходимлари ва фуқароларни ҳам рағбатлантиришга қаратилган.
Абдумажид Солиевнинг ушбу юксак эътирофга муносиб кўрилгани таълим соҳаси ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишларидаги ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлди. Зеро, ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериш билан бир қаторда, уларни ҳуқуқий билимли, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, истеъмолчилик маданияти шаклланган шахслар этиб тарбиялаш ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Тақдирлаш маросимида «Устоз ва мураббийлар куни» муносабати билан устоз ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ёш авлод камолотига қўшаётган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
«Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишонининг топширилиши эса нафақат шахсий меҳнатга берилган баҳо, балки жамоатчилик билан ҳамкорликда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва аҳоли манфаатларини таъминлаш йўлидаги фаолликнинг муносиб эътирофи бўлди.



Post Comment