Истеъмолчи ортиқча чиқимдор бўлишининг олди олинди
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан Марғилон шаҳрига қатнаб ишловчи Н.Ю. шаҳардаги Марказий шифохонада кичик тиббий ходима сифатида меҳнат фаолиятини олиб боради. У рўзғор, бола-чақаси ками-кўстидан орттирган маблағи эвазига 2019 йилнинг сентябрь ойида шаҳар марказидаги савдо мажмуасидан ИНДЕЗИТ русумли музлатгич сотиб олган. Лекин маълум вақт бир маромда ишлаб турган музлатгичда 2020 йилнинг апрель ойларига келиб нуқсонлар юзага чиққан. Шундан сўнг у бир неча кун давомида сотувчи-ю сервис устахонаси ўртасида овораю сарсон бўлган. Бироқ бу оворагарчиликлардан натижа чиқмаган. Шундан сўнг Федерациянинг Марғилон шаҳар жамиятига юзага келган ҳолатга аниқлик киритиш, ўзининг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб ёзма равишда мурожаат қилган.
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати мутахассисларининг амалдаги қонунчилик асослари, истеъмолчининг ҳуқуқлари юзасидан сервис хизматлари кўрсатувчи корхона масъулларига берган тушунтиришлари ва саъй-ҳаракатлари билан, бир кун ичида, кафолат муддати давомида товарда юзага келган нуқсонлар бепул бартараф этилишига эришилди. Истеъмолчи ҳуқуқи тўла тикланди.
– Марғилон шаҳар жамияти ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли бир кун давомида мурожаатим ижобий ҳал этилиб, менинг хонадоним фойдасига 350 000 (уч юз эллик минг) сўм маблағим ҳам иқтисод қилиб қолинди. Сизни ва Сиз орқали бутун тизимда халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат фаолияти олиб бораётган жонкуяр ходимларни дуо қилиб қилиб қоламан, – дейди истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижалари бўйича Федерация раиси номига ёзган миннатдорчилик хатида.
Аъзамхон Махаммадиев
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment