Мажбурият бажарилмагач, пул қайтариб олиб берилди
Қува тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан туманнинг Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Х.Абдуллаевнинг мурожаати ўрганилди.
Мурожаатдан маълум бўлишича, у туман марказидаги “Наъматак” хусусий дорихонасига унга шифокор томонидан ёзиб берилган иккита дори воситасини харид қилиш учун кирган. Дорихона сотувчиси рецептдаги дориларнинг биттаси сотувда мавжудлигини, иккинчисини эса агар пули бериб кетилса улар томонидан таъминотчига буюртма берилиб, олиб келиб берилишини айтган. Истеъмолчи дорихона сотувчисига сотувда мавжуд дори учун 42000 сўм, олиб келиб бериладиган дори учун эса 58000 сўм, жами 100000 сўм пул тўлаган. Лекин иккинчи дори воситасини истеъмолчи қўлига етказиб берилиши ишлари чўзилиб кетган. Сотувчи буни таъминотчи томонидан етказиб келинмаганлиги билан изоҳлаган. Шу тарзда орадан бир неча кун ўтиб кетган.
Шу ўринда юзага келган ҳолатни амалдаги қонунчилик талаблари билан изоб ўтайлик.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, истеъмолчи ва сотувчи ўртасидаги шартномага кўра сотувчи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Истеъмолчи Х.Абдуллаев қўлига муайян миқдордаги товарнинг бир қисми, яъни биттаси топширилган иккинчиси эса келишилган вақт ичида топиб етказиб берилишига келишилган.
Фуқаролик кодексининг 387-моддасига кўра, шартнома шартномани тузиш пайтида сотувчида мавжуд бўлган товарни, шунингдек келажакда сотувчи яратадиган ёки оладиган товарни олиш-сотиш ҳақида тузилиши мумкин. Бундан сотувчи кейинчалик оладиган товарини сотиш ҳақида истеъмолчидан пул олиши қонунбузилиши ҳолати эмаслиги аён бўлади.
Энди дорихона ходими томонидан товарнинг иккинчи қисмини истеъмолчи қўлига топшириш муддати ҳақида. Мазкур кодекснинг 242-моддасига асосан мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.
Истеъмолчи Х.Абдуллаевнинг мурожаатидан маълум бўлишича, у Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган кунига қадар, яъни 28 январь кунига қадар унинг талаби бажарилмаган. Мажбурият эса, Кодекснинг 242-моддаси талабларидан келиб чиқилса, 20 январь кунига қадар бажарилиши шарт эди.
Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига қонуннинг юқоридаги талаблари бўйича тушунтиршлар берилиб, истеъмолчининг 58000 сўм маблағини қайтарилишига эришилди.
Ферузахон Умурзақова
Қува туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment