Истеъмолчининг нотўғри маълумот ортидан сотиб олинган товардан зарар кўришининг олди олинди
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда сотувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган. Агар истеъмолчига товар ҳақида, у бажарадиган вазифалар ва унинг имкониятлари тўғрисида нотўғри маълумот берилсачи?
Бу ҳолда, қонуннинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Марғилоннинг Янги Фарғона кўчасида яшовчи фуқаро Г. Воробьёва билан худди шундай ҳолат рўй берган.
У Фарғона шаҳрида жойлашган “Hotman” маиший буюмлар савдо дўконидан Goodwell 600 sis маркали кир ювиш машинасини 2 800 000 (икки миллион саккиз юз минг) сўмга сотиб олаётган пайтда сотувчи товарнинг мақтовини бироз ошириб юборган кўринади. Сабаби уйга олиб келиб ишга солинган “дастёр” сотувчи томонидан мақтови келтирилган айрим юмушларни бажара олмаслиги маълум бўлиб қолади. Истеъмолчининг ўз эътирозларини сотувчига билдириб, қонуний талабларини қўйиши эса натижа бермагач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерация ходимларига мурожаат қилади.
Истеъмолчи мурожаати Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, унинг қонуний талаблари қондирилишига эришилди. Натижада истеъмолчига нотўғри ва етарли даражада тўлиқ маълумот берилмаслиги ортидан товар сотиб олинишига сабаб бўлган ҳолатнинг бартараф қилинишига ва товар учун тўланган пулнинг истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Шермурод Охунов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚЖ мутахассиси
Post Comment