Қонун талаби устивордир
Бағдод тумани Мирзабод қишлоғида яшовчи фуқаро Т.Боййигитов январ ойи охирларида туман истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат билан келганди. Мурожаатда билдирилишича, у Бегобод қишлоғида жойлашган “Бегобод қурилиш моллари” савдо марказидан умумий қиймати 154000 (бир юзи эллик тўрт минг) сўм бўлган ёритгич лампаси сотиб олган. Хонадонга усталар кўмагида ўрнатилган лампанинг эса айрим чироқчалари ёнмаган. Истеъмолчининг савдо дўкони сотувчисига нуқсонли товарни алмаштириб бериш тўғрисидаги талаби эса рад қилинган.
Бу ерда эслатма ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда у ўз хоҳишига қараб нуқсонли товарни алмаштириш, товар нуқсонларини бепул бартараф этиш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қоплаш (пулини қайтариб олиш) ва бошқа шу каби талабларини қўя олади. Лекин бунда биринчи навбатда сотувчи ва истеъмолчи ўртасида олди-сотди шартномасини тузиш пайтидаги келишув шартларига қаралади. Яъни шартнома тузиш пайтида, агар сотилган товарда нуқсон чиқса алмаштирилиши айтилган бўлса, товар ҳеч қанадй эътирозларсиз сотувчи томонидан алмаштириб берилиши ва бошқа шу каби ҳаракатлар амалга оширилиши лозим. Ёки сотилган товарни ишлаб чиқарувчи компаниясига қарашли бўлган сервис марказида нуқсонларини бартараф этилиши бўйича огоҳлантиришлар ва сервис компаниясининг жойлашган манзили ва боғланиш маълумотлари тўғрисидаги ахборотлар берилиб, истеъмолчи шу шартларда товарни сотиб олишга розилик билдирган бўлса, унда нуқсон чиққан ҳолда истеъмолчи ўз эътирозлари билан сервис компаниясига мурожаат қилиши керак бўлади. Лекин кўп ҳолларда сотувчилар нуқсон чиқса алмаштириб бераверамиз, деган ваъда билан товарни сотиб юборадиларда, кейинчалик нуқсонлар бўйича эътироз билан келган истеъмолчиларга бунга сервис компанияси жавоб беради, деб туриб оладилар. Бағдод туманидаги ҳолатда ҳам истеъмолчи ва сотувчи ўртасида худди шундай тушунмовчилик келиб чиққан.
Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига ушбу ҳолатда истеъмолчининг қонуний талабини бажармаслик келтириб чиқарадиган ҳуқуқий оқибатлар тўғрисида тушунтиришлар берилгач, у товар учун тўланган пулни қайтаришни лозим топди.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment