Бозордаги ўрганишлар натижаси нималарни кўрсатди?
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан шаҳар Прокуратураси Талабномаси ижросини таъминлаш мақсадида “Деҳқон бозори” ОАЖда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасида бозорда амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун (кейинги ўринларда “Қонун” деб юритилади) талабларининг тўлақонли ижроси таъминланмаганлиги ҳолатлари кузатилди.
Хусусан, Қонуннинг 5-моддасига кўра, ижрочи ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт ва бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозим бўлсада, бозорнинг кириш қисмида бундай пешлавҳа ўрнатилмаган.
Шунингдек, барча Деҳқон бозорларида бўлиши ва истеъмолчиларга кўринарли жойларда ўрнатилиши лозим бўлган назорат тарозилари бу ерда негадир истеъмолчиларга кўринарли жойларга қўйилмаган. Масъуллар бозорга тегишли бўлган ва сотувчилар фойдаланаётган тарозилар давлат қиёсловидан ўтказилганлигини таъкидлаган бўлсаларда, лекин сертификатлар эҳтиётсизлик орқасидан йўқотиб қўйилган, деган важ билан ўрганишга тақдим қилинмади.
Бозор ҳудудидаги ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ёнғин ҳолатлари содир бўлганда зарур бўладиган воситалар билан тўлиқ таъминланмаган, сув ҳамда қум тўлдириладиган махсус идишлар қўйилмаган. Хавфсизлик бурчаклари атрофи тозалиги қониқарсиз ҳолатда. Турли авария ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлганда тезкорликда хабар берилишини таъминлаш учун Тез тиббий ёрдам, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар идораларининг қисқа рақамлари тўғрисида маълумотлар қўйилмаган. Юқоридаги ҳолатлар бозор маъмурияти томонидан амалдаги Қонуннинг 12-моддаси талаблари ижросини таъминлаб бермаётганлигини кўрсатади.
Гўшт растаси сотувчилари сотилаётган маҳсулотларга нархномалар ёзиб қўймаганлар. Бу ҳолат истеъмолчиларга ноқулайлик туғдириши баробарида, Қонуннинг 6-моддаси талабларига амал қилинмаётганлигини ҳам кўрсатади.
Бу каби ҳолатларни бу ерда савдо фаолиятини олиб бораётган бошқа сотувчиларда ҳам кузатилди. Хусусан, хориждан келтирилган импорт банан, ананас, киви, апельсин, мандарин каби цитрус меваларнинг тегишли сертификатлари сўралганда, сотувчилар сертификатларни тақдим қила олмадилар. Ахир истеъмолчи харид қилаётган маҳсулотининг сифати тўғрисида тўлақонли маълумот олиш ҳуқуқига эга эмасми?
Карантин талаблари юртимизда ҳали бутунлай бекор қилинмаган, балки бироз юмшатилган бўлсада, амалдаги Қонуннинг 12-моддаси билан белгилаб қўйилган талаблар ўзгаргани йўқ. Истеъмолчи ўзи сотиб олган товар санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Лекин гўшт маҳсулотларини сотаётган сотувчиларнинг аксариятини даврий тиббий кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи “Шахсий тиббий дафтарча”ларини кўрсата олмаганликларини қандай баҳолаш мумкин? Тегишли ваколатли ташкилотлар томонидан бу ҳолат қатъий назоратга олинганида сотувчилар бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаган бўлардилар.
Сут ва тухум маҳсулотлари растасида ҳам юқоридаги каби салбий ҳолатларга дуч келинди. Шунинг билан биргаликда, аҳоли истеъмолида муҳим ўрин тутувчи сут, қатиқ, сариёғ, сузма каби маҳсулотларни усти очиқ ҳолда сақланиб, харидорларга сотилаётгани инсон таъбини хира қилмасдан қолмайди.
Бозорнинг озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказувчи лабораториясидаги мавжуд ускуналардан айримларини, жумладан сут маҳсулотлари сифатини ўлчовчи “Тестер SOEKS” ҳамда “Лактан” ускуналарининг давлат қиёслов кўригидан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатнинг муддати ўтган.
Умид қиламизки, ўрганиш натижалари юзасидан аниқланган ва кўрсатиб ўтилган камчиликлар бозор маъмурияти ва масъуллар томонидан тез кунларда бартараф қилинади.
Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment