Фуқаро хонадони табиий газ билан таъминланди
Учкўприк туманида яшовчи Ш. Жўраев Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, табиий газдан ҳисобланган асоссиз қарздорлик туфайли хонадони табиий газ тармоғидан узиб қўйилганлигини маълум қилган.
Мазкур мурожаат туман жамияти ва соҳа мутахассислари томонидан амалдаги қонунлар доирасида кўриб чиқилди. Ўрганиш давомида Ш. Жўраевнинг шахсий абонент картаси ва унга тегишли бўлган барча ҳужжатлар кўриб чиқилиб, газ идораси АКТ операторлари орқали қайта ҳисоб-китоб қилинди. Ўрганишда фуқаро фойдаланувидаги газ ҳисоблагични янгисига алмаштириш жараёнида техник хато оқибатида 862 000 (саккиз юз олтмиш икки минг) сўм ортиқча ҳисобланганлиги маълум бўлди.
Ушбу нореал қарздорликни бартараф этиш мақсадида “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали Учкўприк туман бўлими мутахассислари томонидан зарурий ҳужжатлар тайёрланиб, ортиқча ҳисобланган қарздорликни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди ва истеъмолчининг хонадони табиий газ билан таъминланди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк тумани ИҲҲҚЖ мутахассиси
Post Comment