Масала истеъмолчи фойдасига ҳал бўлди
Бағдод туман истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Саидобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Г. Шерматовадан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда билдирилишича, истеъмолчи Бағдод тумани марказида жойлашган “ISHONCH” савдо марказидан олган совутгичда нуқсонлар кузатилгач, савдо марказига нуқсонли товарни алмаштириш талаби билан мурожаат қилганда, унинг талаби рад қилиниб, улар томонидан нуқсонли товар алмаштирилмаслиги, балки сервис марказида таъмирлаб берилишини тушунтириш бериш билан чекланилган.
Мурожаатни ўрганиш доирасида маълум бўлишича, Avalon AVL-RF-227 TS русумли совутгич 9305352 (тўққиз миллион уч юз беш минг уч юз эллик икки) сўмга, истеъмол кредити шартларида, товар нархини бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилинган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда, у бир қатор ҳуқуқларга эга бўлиб, шулардан бири нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб олиш ҳуқуқидир. Ушбу модданинг тўртинчи қисмига кўра, истеъмолчи ўз талабларини сотувчига қўяди.
Агар истеъмолчи томонидан сотувчига нуқсонли товарни алмаштириш талаби қўйилса, қонуннинг 14-моддасига кўра, нуқсонли товар сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб берилиши шарт. Сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларини бажариши шарт бўлган муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида сотувчига юқоридаги ҳолатлар тушунтирилгач, нуқсонли товар истеъмолчидан қайтариб олиниб, ўрнига худди шу русумдаги бошқа совутгич етказиб берилишига эришилди.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment