Автомобил учун тўланган суммадан қайтарилиши лозим бўлган фарқ суммаси истеъмолчининг банк картасига тушириб берилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида Фурқат тумани Жангкетмон қишлоғида яшовчи Р.Н. нинг автосалондан харид қилинган автомобил бўйича ишлаб чиқарувчи корхона билан ўзаро ҳисоб-китобларга тааллуқли масалада Федерациянинг телеграм ботига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчига кўра, у Фарғона шаҳридаги ООО “AUTO-CENTRE-FARGONA” билан 21.05.2022 йилда шартнома тузиб, унга асосан LACETTI L-COMFORT PLUS русумдаги автомобилни харид қилиш учун 128 284 000 сўм тўлайди. Автомашина истеъмолчига етказиб берилган 2022 йилнинг декабр ойида у турмуш ўртоғи Н.Ғ. га нотариал тасдиқланган ишончнома беради ва автомобил Н.Ғ. томонидан қабул қилиб олинади. Автомобилни қабул олинаётган вақтда истеъмолчига ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб берилган автомобилдаги тормоз системаси автоматик (ABS) эмас, механик ўрнатилган шаклда келганлиги истеъмолчига тушунтирилиб, унинг автомобилни шундай таркибда қабул қилиб олишга розилиги олинади. Ушбу жараёнда тормоз қисмига механик тизим ўрнатилиши натижасида истеъмолчи фойдасига 971 000 сўм фарқ юзага келганлиги ва истеъмолчига қайтарилишини тасдиқланиб солиштириш далолатнома расмийлаштирилади ва ҳақдорликни тасдиқловчи ушбу далолатномадан нусха унга тақдим қилинади. Истеъмолчи ана шу асосларда ўзига қайтарилиши лозим бўлган маблағ хусусида ишлаб чиқарувчи корхонага мурожаат қилган бўлсада, масала шу кунга қадар тўлиқ ҳал бўлмасдан келгач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерация телеграм ботига мурожаат йўллайди.
Истеъмолчи мурожаати ООО “AUTO-CENTRE-FARGONA” масъул ходимлари иштирокида ўрганилиши жараёнида, автосалон томонидан юзага келган ҳолатда истеъмолчининг ҳақдорлигини тасдиқловчи далолатнома расмийлаштириб берилганлиги, масалани ҳал қилиш мақсадида “UzAuto Motors” АЖ раҳбари номига ABS пулини мижознинг ҳисоб рақамига қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб алоқа хати ҳам киритилганлиги қайд қилинди.
Мурожаатни ўрганиш ишлари доирасида автосалон томонидан истеъмолчининг ишлаб чиқарувчи корхона махсус ҳисоб рақамига тўлаган суммасидан унинг фойдасига ҳисобланган фарқ суммани қайтарилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўпланиб, “UzAuto Motors” АЖга юборилишига ва ўрганиш якунлари билан 971 000 сўм пул маблағини истеъмолчи пластик картасига қайтарилишига эришилди.
Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи
(иллюстратив фото)
Post Comment