Истеъмолчини узоқ вақт қийнаб келган муаммо бартараф қилинди
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Ҳуқандий мавзесида истиқомат қилувчи Н.Г.нинг бундан бир йил олдин бажарилган буюртма бўйича сотувчига билдирган эътирози эътиборсиз қолдирилаётганлиги тўғрисида мурожаати кўриб чиқилди
Истеъмолчининг маълум қилишича, у ўтган йилнинг июн ойларида шаҳардаги Буюм бозори ҳудудида фаолият олиб бораётган М. исмли тадбиркорга гилам буюртма қилиб, 4 000 000 сўм пулини ҳам олдиндан тўлайди. Лекин гилам хонадонга келтирилганида у буюртма қилган фасондан бошқа фасондагилигини кўриб гиламни келтирган шахсга ўзини эътирозини билдиради. Сотувчи вакили гиламни олиб қолаверишни, кейин бошқа фасондагисига алмаштириб беришларини айтиб, гиламни хонадонда қолдириб кетади. Шундан кейин у бир неча бор сотувчига бу ҳақда эслатади. Лекин ана, мана қабилидаги баҳоналар билан унинг талаби бажарилмасдан келади. Шундан сўнг Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида шаҳар жамияти мутахассислари ушбу масалада сотувчи билан учрашганларида у ҳақиқатан ҳам истеъмолчи билан бўлиб ўтган олди-сотди амалиётини тан олгач, унга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Натижада гилам сотувчига қайтарилиб, истеъмолчининг 4 000 000 сўм пулини қайтарилишига эришилди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
шаҳар жамияти мутахассиси
(иллюстратив фото)
Post Comment